Ўзбекистонда сўнгги 6 ой ичида илк бор коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмади, дея хабар бермоқда ССВ.

Маълум қилинишича, 29 декабрь куни Ўзбекистонда 143 нафар кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган, ва умумий зарарланганлар сони 198 минг 769 нафарни ташкил этмоқда. Кеча энг кўп касаллик Тошкент вилояти (40) ҳамда Тошкент шаҳрида (35) аниқланган.

29 декабрь куни касалликдан вафот этганлар қайд этилмади, шу сабабли коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони жами 1485 нафар бўлиб қолмоқда. Шу кунгача декабрь ойида бир кунда кўпи билан 4 нафаргача коронавирусдан ўлим ҳолатлари қайд этилган.

Шунингдек, касалликдан тузалганлар сони жами 195840 нафарга етган.

Бундан ташқари, 29 декабрь ҳолатига кўра, биринчи доза билан эмланиш кўрсаткичи эмланиши режалаштирилган қатламга нисбатан 87,7 фоизни, тўлиқ босқичларда эмланиш кўрсатчики эса 62,6 фоизни ташкил қилмоқда.

Аввалроқ 27 декабрь куни 100 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани ва бу сўнгги 9 ойдаги энг паст кўрсаткич эканлиги маълум қилинганди.