29 декабрь куни икки нафар 11 ёшли бола Нукус шаҳри «Жана базар» ҳудудидаги «Қоскўл» дренаж кўлида муз ўртасида қолиб кетган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси ФВБ матбуот хизмати бошлиғи Айбек Абдирахмонов «Газета.uz»га хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни соат 16:45 ларда бошқарманинг «1050» қисқа рақамига чақирув келиб тушган.

Маълум бўлишича, «Жана базар» ҳудудида жойлашган «Қоскўл» дренаж кўлида 2010 йилда туғилган икки нафар бола музда ўйнаш мақсадида дренаж кўлига борган ва муз ёрилиши оқибатида сувга тушиб кетган.

Шундан сўнг, ўзлари ҳаракат қилиб музнинг қалин жойига чиқиб олган. Улар кўл ўртасидаги оролчада қолиб кетишган. Муз ёрилганлиги туфайли болаларнинг ортга қайтиш имкони бўлмаган ва улар ёрдам келишини кутган.

Чақирув бўйича воқеа жойига ФВБнинг махсус отряди етиб бориб, муз устида қолиб кетган болаларни қирғоққа олиб ўтиб, воқеа жойида уларга биринчи тиббий ёрдам берилган ва малакавий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган.

Ҳозирда болаларнинг аҳволи яхши, улар ота-онаси билан.

Видео