2021 йилнинг сўнгги кунларида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Ўзгидрометнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва бошқа жанубий ҳудудлар аҳолиси камдан кам ҳолларда Янги йилни қор билан кутиб олади.

Статистик маълумотларга кўра, 31 декабрь куни Тошкентда ёғингарчилик ўртача 4−5 йилда бир марта, 1 январь куни эса — 2−3 йилда бир марта ёғади. Бироқ, ҳар доим ҳам бу ёғингарчиликлар қор шаклида бўлмайди. Янги йил кечасида қор кўринишидаги ёғингарчилик жуда камдан кам ҳолларда кузатилади.

Хабарда айтилишича, байрам кунларида кечқурун ҳаво ҳарорати 0−5 даража илиқ, кундуз кунлари эса 10−15 даража илиқ атрофида бўлади.

1−3 январда республиканинг айрим ҳудудларида вақти-вақти билан бироз ёғингарчилик бўлади, текислик ҳудудларда ёмғир ёғиши мумкин. 4 январда Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади. Кечалари ҳаво ҳарорати 2−7° илиқ, кундуз кунлари 1−3 январда 10−15° илиқ, 4 январда эса 5−10° илиқ атрофида бўлади.

Ушбу кунларда фақат республиканинг тоғли ҳудудларида қор ёғади. 4 январда баъзи жойларда кучли қор ёғиши мумкин. Бу кунларда тоғларда қишки таътилни ўтказишни режалаштирган аҳоли эҳтиёт бўлишлари керак, дейилади хабарда.