1 декабрь ҳолатига банкларнинг кредит портфелидаги қолдиқ (юридик ва жисмоний шахсларга берилган барча кредитлар бўйича қарзлар қолдиғи) 320,8 трлн сўмни (29,6 млрд доллар) ташкил этди. Йил давомида бу кўрсаткич 50 трлн сўмга ёки 18,5 фоизга ошган, дейилади Ўзбекистон Марказий банки маълумотларида.

Кредитларнинг асосий қисми юридик шахсларга тўғри келади — 252,6 трлн сўм (78,7%). Йил давомида уларга ажратилган кредитлар ҳажми 16,6 фоизга ошди.


Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми 68,1 трлн сўмга етди, бу ўтган йилга нисбатан 26 фоизга кўпдир. Ушбу маблағларнинг ярми — 34,4 трлн сўми ипотекани кредитлаш учун йўналтирилган.

Ҳудудлар кесимида барча кредитларнинг 48,8 фоизи (156,7 трлн сўм) Тошкент ҳиссасига тўғри келади. Йил давомида пойтахтда кредитлаш ҳажми 28,5 трлн сўмга (+22,3 фоиз) ошди. Иккинчи ўринда банкларнинг кредит портфели 19,6 трлн сўмни (жами портфелнинг 6,1 фоизи) ташкил этган Тошкент вилояти жойлашган.

Таққослаш учун, барча кредитларнинг 2,6 фоизи (8,4 трлн сўм) Қорақалпоғистон улушига тўғри келади, бу эса Тошкентга нисбатан 18,5 бараварга камдир.

Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон ва бошқа вилоятларнинг (Бухоро ва Сирдарё вилоятларидан ташқари) банкларнинг кредит портфелидаги улуши фақат қисқармоқда.

Ноябрь охирида Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев Ўзбекистон банк тизимини ривожлантиришнинг истиқболли босқичларини маълум қилган эди. Унга кўра, долларлашув даражасини пасайтириш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида хедж-фонд ташкил этилмоқда, валюта кредитларини жалб қилишда эса «эҳтиёткорлик сиёсати» олиб борилади. 2025 йилда банк секторидаги ҳукумат улушини 40 фоизгача камайтириш режалаштирилган.