Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги 2 нафар элчилари тайинланди. Бу ҳақда ТИВ хабар берди. Маълум қилинишича, бу Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 28 декабрдаги қарорига мувофиқ амалга оширилган.

Унга кўра, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимига тайинланди. У 2020 йилнинг февраль ойидан бери ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Фарҳод Арзиев 2017 йилдан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси, 2019 йил мартидан бошлаб, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Бангладешдаги элчиси сифатида фаолият юритган.

Олдинроқ, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси сифатида ишлаб келган Бахтиёр Саидов халқ таълими вазири этиб тайинланган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Отабек Акбаров ўриндошлик асосида мамлакатнинг Грециядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинланди.

Отабек Акбаров 2018 йилдан бери Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси сифатида фаолият юритади.