Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ичимлик суви таъминоти ва оқава сувларни чиқариш тўғрисида»ги қонунни қабул қилди (видео). Эндиликда у Сенат томонидан тасдиқланиши керак.

Ҳужжат муҳокамаси чоғида депутат Расул Кушербаев сув ҳисоблагичлари кимнинг ҳисобидан ўрнатилиши — истеъмолчими ёки корхонами, деган саволни берди. Ҳозирда сув ҳисоблагичларини харид қилиш, ўрнатиш, давлат кўригидан ўтказиш ва улардан фойдаланиш истеъмолчилар маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Депутат Бекмирза Эшмурзаев истеъмолчиларнинг кўрсаткичлар бўйича етказиб берувчига хабар қилиш мажбурияти ҳақида сўради.

Расул Кушербаев. UzReport TV лавҳаси.

«Ўзсувтаъминот» бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаровнинг айтишича, ҳозирда газ ва электр ҳисоблагичлари ҳақиқатан ҳам таъминотчи корхоналар, сув ҳисоблагичлари эса истеъмолчилар ҳисобидан ўрнатилмоқда.

«Шу йилдан бошлаб янги қурилаётган объектларда ўзимиз сметага киритиб, ҳисоблагичларни ўрнатяпмиз. Яъни икки хил усул кетмоқда. Иккинчидан, ҳозир газда ҳам, электр энергиясида ҳам онлайн ҳисоблагичлар қўйилмоқда. Шунинг учун истеъмолчига ҳар ой ёки ҳар икки ойда бир марта кўрсаткичларни топшириш шартмас. Бизда лекин ҳисоблагичларнинг аксарият қисми механик ҳисоблангани учун текшириш мақсадида бу нарса керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, «Ўзсувтаъминот» корхонаси янги биллинг тизимини ишлаб чиққани, унда истеъмолчининг шахсий кабинети мавжудлиги, истеъмолчи ўз ҳисоблагичи кўрсаткичларини ичига киритиб, фойдаланиши мумкин. Шунингдек, ҳисоблагич кўрсаткичларини Telegram орқали ҳам юбориш мумкин.

«Бу нима учун керак? Агар бу кўрсаткичлар кирмаса, автомат равишда норматив бўйича ўртача кунлик сув истеъмоли бўйича ҳисоб-китоб кетади… Тошкентда, канализация бор жойда киши бошига кунига 120−130 литр ҳисобланади», — деди Соҳиб Саифназаров.

Парламент қуйи палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов қонун лойиҳасидаги «ўз вақтида» сўзини «келишувда кўрсатилган муддат» билан алмаштиришни таклиф қилди.

Соҳиб Саифназаров. UzReport TV лавҳаси.

«Ўзсувтаъминот» раҳбарининг айтишича, Франсиянинг Suez International компанияси билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб Тошкентда сув кўрсаткичларини онлайн ўқий оладиган ва тўлов амалга оширилмаган тақдирда сув таъминотини тўхтатиб туриш имконини берувчи интеллектуал сув ҳисоблагич тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Соҳиб Саифназаров, шунингдек, сув ҳисоблагичини давлат текширувидан ўтказиш учун истеъмолчи «Ягона дарча»га мурожаат қилиши, кейин эса «Ўзсувтаъминот» (ёки «Ўзстандарт» томонидан аккредитациядан ўтган бошқа ташкилот) ҳисоблагичнинг метрологик меъёрларга мувофиқлигини текшириб кўришини ҳам таъкидлади.

Шунингдек, у абонент ва сув таъминоти хизматларини кўрсатувчи провайдернинг фавқулодда вазиятларда жавобгарлиги соҳаси ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Кўп қаватли уйга кираверишгача бизнинг ҳудуд ҳисобланади, лекин уйнинг ичи бўлса, у ер уй-жой мулкдорлари ширкатларига ёки бошқарув компаниясига қарайди, улар аварияларни бартараф қилишлари керак. Ҳовли ичида бўлса, абонентнинг ўзи бу нарсани бартараф қилади… Хизматларни қилишимиз мумкин, лекин бу алоҳида шартнома асосида қилинадиган нарса», — деди «Ўзсувтаъминот» раҳбари.

Расул Кушербаев бошқа соҳаларда, хусусан, электр таъминоти соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани, лекин сув таъминоти соҳасида «ҳаммаси аввалгидек», «истеъмолчи манфаати йўлида ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмаяпти», деди.

Депутатнинг таъкидлашича, ҳозирда «истеъмолчи сув ҳисоблагичини ўзи сотиб олади, ўзи кўрикдан ўтказади, кўрсаткичларни ҳам ўзи олиши керак».

«Амалиётдан битта мисолни айтай. Шахсан ўзимнинг ўз вақтида қиёсловдан ўтказиш эсимдан чиқиб кетган экан. Менга ҳеч ким огоҳлантириш ҳам бермади. Орада бирданига жуда катта қарздорлик келиб чиқди. Борсам, бир йилдан ортиқ ўтиб кетган экан. Мен нега огоҳлантириш бермадингиз, деб айтдим. Ўзингиз билишингиз керак эди, дейди. Майли, нима бўлганда ҳам, энг қизиғи, ҳозир бориб қиёслов кўригидан ўтказиш учун аризани сув таъминоти корхонасига берсангиз, олмайди ўзи. Уни овора бўлиб қайтадан Давлат хизмати марказига олиб борасиз. У орқали пулини тўлаб, қиёслов кўрикка ариза бериб, яна қайтадан сув таъминотига келиб тўловни қиласиз. Яъни қулайлаштириш ўрнига умуман ноқулайлик қилиб қўйилган», — деди у.

Парламентарий сув таъминоти корхонаси ҳисоблагичларни ўрнатишдан манфаатдор бўлиши кераклигини ҳам таъкидлади. Шунингдек, у «Ўзсувтаъминот» компанияси истеъмолчиларни икки тоифага бўлаётганини, яъни компаниянинг ўзи айрим абонентларга (юқорида таъкидланган янги уйлар эгалари назарда тутилмоқда — таҳр.) ҳисоблагич ўрнатаётганини, бошқалари эса бунинг учун пул тўлашини танқид қилди.

Соҳиб Саифназаровнинг айтишича, корхонанинг ўзи ҳисоблагичларни ўрнатишга тайёр, аммо кейин «барча харажатлар тарифларга киритилиши керак».

«Тарифларни ҳам депутатлар тасдиқлашади. Марҳамат, биз бунга тайёрмиз», — деди у.

Якунда қонуннинг муҳокама қилинган моддаси депутат томонидан киритилган таклифлар ҳисобга олинмаган ҳолда маъқулланди (120 депутат ёқлади, 1 нафари бетараф қолди, 7 нафари овоз бермади). Қонунни 123 та «ҳа» ва 1 та «йўқ» овоз билан маъқулланди.

Кейинроқ Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида «қанча ҳаракат қилмайлик сув таъминоти масаласида янги Ўзбекистондаги эскича қараш қолди», — деб ёзди.

«Яъни, сув ҳисоблагичларни ўрнатиш, ҳисобини юритиш, аварияни бартараф этиш ва ҳоказо мажбуриятлар сув таъминоти корхонаси эмас, истеъмолчи бўйнига илинди. Давлат бюджетидан миллиардлаб пул олиб, ортга қайтармайдиган, бироқ истеъмолчи учун битта ҳисоблагич ўрнатишни бўйнига олмайдиган тармоқнинг истеъмолчилар билан шартнома асосида тенг шартларда ишлаймиз, дейиши абсурддан бўлак нарсамас», — деди у.

2020 йил декабрида пойтахт ҳокимлиги Франциянинг Suez компанияси билан ҳамкорликда етти йиллик «Тошкент шаҳрининг сув таъминотини ўзгартириш режаси»ни амалга оширишга киришмоқчи экани маълум бўлди. Лойиҳанинг умумий қиймати 185,4 миллион евро бўлиб, бу маблағлар сув таъминоти ва канализация тармоқларини модернизация қилиш, шунингдек, халқаро стандартларга мувофиқ бошқарувни такомиллаштиришга йўналтирилади.