Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева 22 декабрь куни пойтахтда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент аэропортида хусусий такси эгалари фаолиятини тартибга солиш бўйича режаларга тўхталиб ўтди.

«Биринчидан, кечаю кундуз ишлайдиган жамоат транспорти йўқ… Агар [аэропорт] халқаро бўлса, кечаю кундуз очиқ бўлса, жамоат транспорти йўловчиларни шаҳар марказига олиб бориши керак… Иккинчидан, биз ёзда юридик шахслар ўртасида такси хизматларини кўрсатувчи провайдерлар учун тендер эълон қилишга ҳаракат қилдик. Биласизми, бу тендерга ҳеч ким келмади, яъни биз уни очиб, ёпдик», — деди Раъно Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, тендер доирасида аэропорт тўхташ жойига кириш ва йўловчи ташиш учун рухсатнома карталари бўлган компанияларни аккредитациядан ўтказиш режалаштирилган эди.

«Ҳозир бу муаммони Транспорт вазирлиги билан ҳал қиляпмиз. Биз билан шартнома тузадиган такси компаниялари бор. Уларнинг маълум бир рангдаги машиналари… кириб, йўловчиларни олиб кетишини назорат қила олишимиз учун. Учиб келиш жойига тегишли ускунани қўя олишимиз, йўловчи бориб такси буюртма қилиши ва ўша ернинг ўзида тўловни амалга ошира олиши учун. Биз ҳали бундай компанияни топа олмадик», — деди у.

Uzbekistan Airports раҳбари вокзалолди майдонда ўз лойиҳаси ва режасини амалга ошириши учун ҳокимият туташ ҳудудларни аэропортга бериши кераклигини маълум қилди.

«Ер бизга ҳали берилмагани боис, у ердаги вокзалолди майдонини ўзимиз тасаввур қилгандек ташкил эта олмаймиз. Ҳеч ким сиздан пул талаб қилмаслиги учун [автоматлаштирилган кириш қурилмалари] аллақачон режаларимиз бор. Яъни, бу вокзалолди майдонида ҳаракатни одамлар иштирокисиз бошқариш усули», — деди у.

Раъно Жўраева яқинда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунни инобатга олган ҳолда ҳозирда ер участкаларини ҳокимлик тасарруфидан аэропортга ўтказиш масаласи ҳал қилинаётганини айтди.

«Ушбу сайтларни олишимиз билан биз уларни тегишли тизимлар билан жиҳозлаймиз ва у ердаги автотураргоҳларни бошқаришни таъминлай оламиз. Булар аэропортдан йўлнинг нариги томонида, тўғридаги ва ўнгдаги бир нечта автотураргоҳлардир. Ҳокимлик мана шу ер участкаларининг барчасини у ерларда машинани арзонроққа қолдириш мумкин бўлиши учун ҳар хил нархлардаги автотураргоҳлар ташкил этиш учун бизга бермоқда», — деди Uzbekistan Airports раҳбари.