Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришнинг 50 фоизга қисқариши қуввати 220 кВ бўлган иккита электр узатиш линиясидан (ЭУЛ) бирида (Наибобод-1) таъмирлаш ишлари олиб борилгани билан боғлиқ, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Газета»га.

Афғонистоннинг Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) электр энергияси миллий компанияси 29 декабрь куни Ўзбекистондаги техник муаммолар сабабли Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни икки баравар қисқартиргани, 15 провинция, жумладан, Кобулда кун охиригача электр таъминотида узилишлар юзага келганини айтди.

«Ушбу муаммо натижасида бугунги кун охиригача импорт қилинадиган электр энергияси йўналишидаги 15 та провинцияси, жумладан Кобулда ҳам электр тақчиллиги муаммосига тўқнаш келди», — дейилади энергетика компанияси сайтида.

«Тармоқни таъмирлаш ишлари якунланди ва шу тариқа аввалги етказиб бериш ҳажми ҳам тикланди», — дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Октябрь ойида Афғонистон энергетика компаниясининг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга электр энергияси учун 51 млн доллардан ортиқ қарзи борлиги хабар қилинган эди. Бироқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқовнинг сўзларига кўра, Афғонистон муваққат ҳукумати электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ қоплаш мажбуриятини олган ва Ўзбекистон «бир соат ҳам» Кобулга электр энергияси етказиб беришни тўхтатмаган.