«Газета.uz» 2022 йил 1 январдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Энди пенсия ва нафақаларни тўлаш тижорат банклари томонидан амалга оширилади

Президентнинг 4 майдаги [ПҚ-5102] қарори билан пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловлар (пенсия ва нафақалар)ни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Бунда пенсия ва нафақаларни нақд пулда МФЙларга, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи дифференциялашган тартибда пенсия ва нафақалар тўланадиган (етказиб берилган) сумманинг 1 фоизигача миқдорда бўлиши мумкин. Пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети томонидан тўлаб берилади.

2. Хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга ходимлар маошига қўшимча устама тўланади

Президентнинг 19 майдаги [ПҚ-5117] қарори асосида 1 январдан хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат бошқарув идораларининг барча бўғинлари ходимларига лавозим маошига нисбатан 20 фоизгача қўшимча устама тўланади.

3. Пилла ҳосилининг ҳар килоси учун жисмоний шахсларга 5 минг сўмдан субсидия берилади

Президентнинг 8 июлдаги [ПҚ-5178] қарорига кўра, 1 январдан 2025 йил 1 январгача:

  • ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг бир килограмми учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга субсидия ажратилади;
  • тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади.

4. Табиий ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланади

Президентнинг 28 июлдаги [ПҚ-5200] қарори билан маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланди.

5. «Меҳр дафтари»га киритилган етим болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағларини шакллантириш тартиби белгиланди

Президентнинг томонидан 9 августдаги [ПҚ-5215] қарорига мувофиқ, «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалар маблағлари алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг ажратмалари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумидан ажратмалар миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилади. Улар бюджетга тўланадиган солиқ ва йиғимларга тенглаштирилади, солиқ органлари томонидан ундирилади ва импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

6. ҚҚСнинг салбий суммасини қайтариш учун солиқ органларига мурожаат қилиш тартиби бекор қилинади

Президентнинг 24 августдаги [ПҚ-5231] қарори асосан йил бошидан ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади.

Шунингдек, Солиқ тўловчи тегишли солиқ даври учун солиқ ҳисоботини топширишда, солиқ органларини хабардор этган ҳолда ҚҚС салбий суммасини қоплаш (қайтариш) талабини билдиришга ҳақли.

7. Тадбиркорлик субъектлари фаолияти саволнома бўйича текширилади

Президентнинг 15 сентябрдаги [ПФ-6314] фармонига кўра, назорат қилувчи органлар тадбиркорлар фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади.

ССП аъзоси бўлган тадбиркорлар фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлар розилиги билан ССП ходимлари иштирок этади. Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда юритилади.

Тадбиркорлар фаолиятида текширувлар қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилгандан сўнг амалга оширилади (солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасидаги текширувлар бундан мустасно).

8. ЯТТларнинг ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга камайтирилади

Президентнинг 15 сентябрдаги [ПФ-6314] фармони билан 2022 йил 1 январдан бир йил мобайнида республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилган ҳолда БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

9. Педагогларга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат электрон шаклда берилади

Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги [572-сон] қарорига мувофиқ, педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш бўйича вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳамда таълим муассасалари миқёсидаги аттестация комиссияларини тузиш ва йиғма жилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинади.

Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш уларнинг педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигини баҳолаш ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўқув фани бўйича малака синовини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси (лавозим) бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш ДХМ ёки ЯИДХП ёхуд Таълим инспекцияси расмий веб-сайтидаги махсус портал орқали амалга оширилади.

Педагог кадрларга қоғоз шаклидаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат бериш амалиёти бекор қилиниб, электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилади.

Педагог кадрларга бунгача берилган сертификатлар ўз кучида қолади ва амал қилиш муддати тугагунга қадар сертификатда кўрсатилган малака тоифаси (лавозими) бўйича базавий тариф ставкалари асосида ҳақ тўланади.

10. Қарздорликни тўламаган тадбиркорларнинг маблағларини музлатиб қўйиш уларни огоҳлантирган ҳолда амалга оширилади

Президентнинг 19 сентябрдаги [ПФ-6313] фармони асосида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни 30 календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.

11. Юридик шахсларнинг кўчмас мулкини ижарага бериш солиқ органларида ҳисобга қўйилади

Вазирлар Маҳкамасининг 22 сентябрдаги [595-сон] қарорига кўра, юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномалари давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Бунда ҳисобга қўйиш масофадан туриб фақат электрон шаклда амалга оширилади.

12. Чек бермасдан товар сотган ва хизматларни кўрсатган тадбиркорлар ҳақида хабар берганлар мукофотланади

Президентнинг 4 октябрдаги [ПҚ-5252] қарори билан сотиб олувчига чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни сотганлик ва хизматлар кўрсатганлик, қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланади.

Чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини мобиль иловада рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади.

Бундан автомобиль сотиб олганлик учун, темир йўл ва авиа чипта хариди, коммунал ва алоқа хизмати учун тўлов, шунингдек, тўлов тизими операторлари орқали тўловни амалга оширганда олинган харид чеклари мустасно.

13. Метро поездлари ҳаракатини кўрсатувчи мобил илова ишга туширилади

Президентнинг 16 октябрдаги [ПҚ-5260] қарорига асосан, қуйидаги маълумот ва хизматларни ўз ичига олувчи мобил илова ишга туширилади:

  • метрополитен йўналишлари (уларнинг қурилиши бўйича маълумотлар);
  • бекатлар (улар атрофида жойлашган объектлар ва жамоат транспорти йўналишлари);
  • поездлар ҳаракати жадвали;
  • электрон тўлов.

14. Уяли алоқа операторлари учун акциз солиғи пасайтирилади

Президентнинг 10 февралдаги [ПҚ-4986] қарорига мувофиқ, уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10%гача пасайтирилади.

15. Камерал текширувларда аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар бекор қилинади

Президентнинг 7 сентябрдаги [ПФ-6307] фармонига кўра, молиявий санкциялар қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

  • камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун;
  • тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун.

16. «Евро-4» экологик тоифа талабларига мос келмайдиган транспорт воситаларини вақтинча олиб кириш ёки импорт қилиш тақиқланади

Президентнинг 30 октябрдаги [ПФ-5863] фармони асосида заҳарлилик даражаси «Евро-4» экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган «М» ва «N» тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида «вақтинча олиб кириш» ва «эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимига жойлаштириш тақиқланади.

17. Республика бўйича қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари учун штатлар ажратилади

Президентнинг 5 майдаги [ПФ-6221] фармонига мувофиқ, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.

Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10%и тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилади.

18. Автомототранспорт воситаси нотариал тасдиқлашсиз ижарага берилади

Президентнинг 24 июлдаги [ПҚ-5197] қарори билан жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади. Бунда электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

19. Энди 15 турдаги маълумот ва ҳужжат аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилинмайди

Президентнинг 24 июлдаги [ПФ-6269] фармонига кўра, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан бир қатор маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Улар:

Фактларни тасдиқловчи маълумотлар:

  • тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома маълумотларини;
  • лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабарномалар қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома мавжудлигини;
  • давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганлигини;
  • қимматли қоғозларга эгалигини, қимматли қоғозлар билан операциялар амалга оширилганлигини, дивидендлар олинганлигини;
  • кам таъминланган оила ёки оила аъзоси сифатида рўйхатга олинганлигини;
  • жисмоний шахслар томонидан алиментлар тўланганлигини ва олинганлигини;
  • олий маълумот тўғрисидаги диплом маълумотларини;
  • жисмоний шахс томонидан ўрта махсус, профессионал (касб-ҳунар) таълим муассасаси тугатилганлигини;
  • жисмоний шахс томонидан умумий ўрта таълим муассасаси (11-синф негизида) тугатилганлигини;
  • фуқаро «Ёшлар дафтари» ёки «Аёллар дафтари»да мавжудлигини;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар тўғрисида маълумотларни;
  • ОТМга ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тўғрисида маълумотларни;

Ҳужжатларни:

  • молиявий ҳисоботлар нусхаларини;
  • жисмоний шахсларнинг охирги 12 ойдаги иш ҳақини тасдиқловчи маълумотномаларни;
  • ижтимоий нафақа ва пенсиялар тўланганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни.

20. Тугалланмаган қурилишни молиялаштириш тўхтатилади

Президентнинг 2020 йил 16 октябрдаги [ПҚ-4864] қарори асосида қурилиш-монтаж ишлари якунланганлиги тўғрисида қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларининг фойдаланишга рухсати олинмаган объектларни жорий сақлаш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши тақиқланади.

21. Мажбуриятларини бажармаган шахслар билан ер ижараси шартномалари бекор қилинади

Ер кодекси ва «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, кўп тармоқли фаолиятни ўзлаштирмаган фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.

22. Паралимпиячилар учун коллежларда қўшимча квоталар ажратилади

Президентнинг 18 майдаги [ПҚ-5114] қарори билан Олимпия захиралари коллежларининг паралимпия спорт турлари бўлимларига юборилаётган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар учун 5 фоизгача қўшимча квоталар ажратилади.

Давлат спорт таълим муассасаларида паралимпия спорт турлари бўйича тренерларнинг лавозим маошини ҳисоблашда базавий тариф ставкалари 1,5 баравар миқдорда қўлланилади.