Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик (идора)ларнинг айрим ваколатлари таълим муассасаларига ўтказилади. Бу президентнинг 24 декабрдаги тегишли қарорида қайд этилган.

Унга кўра, қуйидаги ваколатлар ОТМларга берилмоқда:

  • чет эл фуқаролари ўқишини хориждан давлат ОТМларига кўчириш;
  • қабул комиссиялари таркиби, имтиҳон фанларини тасдиқлаш;
  • амалиёт ўташни тасдиқлаш;
  • кийим-бошга доир талабларни белгилаш.

Маълум қилинишича, 2022 йил якунигача барча давлат ОТМларнинг ўқув адабиётлари тўлиқ электронлаштирилади ва ягона «Электрон кутубхона» платформаси ишга туширилади. ОТМларда ҳисоботларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечилади ва Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими ҳам босқичма-босқич ўзгаради.

Хусусан, 1 босқичда — 2022 йил 1 мартгача қуйидагилар жорий қилинади:

  • «Ўқув жараёнини бошқариш» қисми (давомат, ўзлаштириш қайдномаси ва рейтинг дафтарчаси, гуруҳ журнали, дарс ва имтиҳон жадваллари рақамлаштирилади);
  • «Илмий жараённи бошқариш» қисми;
  • «Маъмурий жараённи бошқариш» қисми;
  • «Молия-хўжалик фаолиятини бошқариш» қисми;

2 босқичда — 2022 йил 1 майгача:

  • «Таълим сифатини назорат қилиш» қисми жорий қилинади;

Аввалроқ 1 январдан 35 та давлат олий таълим муассасига молиявий мустақиллик берилиши, жумладан ОТМлар тўлов-контракт миқдори ва муддатини, маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ҳамда ўз ҳисобидан талабаларга стипендия ва грантлар ажратишни мустақил белгилаши ҳақида хабар берилганди. 2023 йилдан эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ушбу рўйхатни кенгайтириш ҳуқуқи берилади.