27 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларини қабул қилди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Латвия элчиси Рейнис Трокша, Венгрия элчиси Дьюла Ковач, Франция элчиси Орелия Бушез ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчиси Юсуф ал-Утайбийдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.


Президент янги тайинланган элчиларни дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклади.

«Прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия бундан буён ҳам давом эттирилади. Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаб бориш устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Россия, Хитой, АҚШ, шунингдек, Европа, Жанубий Осиё, Осиё-Тинч океани ва Яқин Шарқ давлатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда.

Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Ўзбекистон дунёга, дунё эса Ўзбекистонга очиқ бўлиши керак — бу бугунги тараққиётнинг асосий талаби». «Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолияти концепцияси янги таҳрирда қабул қилинади», — дейилади хабарда.


Қолаверса, Латвия юқори даражадаги делегацияларининг 2022 йилга режалаштирилган Ўзбекистонга ташрифлари ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очиши қайд этилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Франция билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига тўталар экан, 2022 йилда Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма ўтказилишини тилга олди.


Ўзбекистон етакчиси Франциянинг 2022 йилнинг биринчи ярмида ЕИ Кенгашига раислиги даврида Ўзбекистоннинг Евроиттифоққа аъзо мамлакатлар билан кўп томонлама алоқалари янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Маросим якунида президент хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига уларнинг Ўзбекистон билан дўстлик ришталари ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.