Ўзбекистонда 27 декабрдан бошлаб янги намунадаги 50 минг ва 100 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Аввалроқ, янги кўринишдаги 50 минг сўм ва 100 минг сўм бўлган банкнотлар 22 декабридан муомалага чиқарилиши маълум қилинганди. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари 50 минг сўмлик банкнота намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилгани, бироқ банкнотада мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилганига эътибор қаратишди.


Бунинг ортидан регулятор 50 минг сўмлик банкнот намунасининг олд томонидаги хатоликни тан олди ва бефарқ бўлмаган барчага миннатдорчилик билдирди.МБ матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 50 минг сўмлик банкнотадаги хатолик бартараф этилган.


Ушбу янги банкноталар 2017 йил намунасидаги 50 минг сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 минг сўмлик банкнотлар билан параллел равишда муомалада бўлади.