Ўзбекистон Миллий банкининг оператор сифатида фаолият юритувчи процессинг маркази негизида «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими яратилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 24 декабрдаги қарори билан тасдиқланди, дея хабар берди Norma.

Қарор қуйидагиларни белгилаб берди:

  • Жисмоний шахслар ўртасида хорижий давлатлар ҳудудидан Ўзбекистонга трансчегаравий ўтказмалар бошқа тўлов тизимлари билан бир қаторда жисмоний шахсларнинг илтимосига ва ихтиёрий танловига кўра, республика тижорат банкларининг ўзаро манфаатли ставкалари бўйича ҳамда «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими орқали амалга оширилади;
  • Ўзбекистон Миллий банки «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими орқали амалга ошириладиган трансчегаравий ўтказмалар бўйича ҳисоб-китоб банки функциясини амалга оширади;
  • «Азиа-Инвест Банк» (Москва) «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими орқали трансчегаравий ўтказмалар бўйича Россиядаги ҳисоб-китоб банкларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон тижорат банкларига халқаро пул ўтказмалари бўйича банк хизматларини кўрсатишда бошқа тўлов тизимлари қаторида «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизимидан ҳам фойдаланиш тавсия этилади.