23 декабрь куни e-notarius.uz портали орқали илк бор тўлиқ онлайн режимда нотариал ҳаракат амалга оширилди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

«Фуқаро У. В. нотариал идорага келмасдан туриб, вояга етмаган фарзандини чет элга чиқишга розилик бериш аризасини видеоконференцалоқа ёрдамида расмийлаштирди», — дейилади хабарда.

Мазкур хизмат тест режимида ишга туширилди ва кейинги йилнинг бошидан тўлиқ татбиқ этилади. Унинг ёрдамида айрим нотариал ҳаракатлар уйдан ёки дунёнинг исталган жойидан туриб амалга оширилади.

Бундай ҳаракатлар рўйхатидан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномани тасдиқлаш, ижро хатини ёзиш, аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш (доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйишга розилик, вояга етмаган фарзандни чет элга чиқишга розилик бериш билан боғлиқ ариза ва мажбуриятномалар) ўрин олган. Шунингдек, тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин.

Онлайн нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун e-notarius.uz ахборот порталига кириб, республикадаги исталган нотариусга масофадан туриб нотариал ҳаракатни расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилинади. Мурожаат қилувчининг шахсига оид маълумотлар ONE ID — Идентификациялашнинг ягона тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади

Маълумотлар мурожаат қилувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлангандан сўнг, онлайн нотариал ҳаракат учун тўлов квитанциялари ҳам автоматик равишда шакллантирилади.

Адлия вазирлиги онлайн тарзда амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар рўйхати кенгайиб боришини маълум қилди.