Бухоро вилояти прокуратураси вилоят халқ таълими бошқармасининг «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятига ўқувчи ва ўқитувчиларни аъзоликка қабул қилиш ҳамда аъзолик бадалларини йиғиш тўғрисидаги буйруғини бекор қилди. Ҳужжат мажбурий характерга эга бўлган, дея хабар берди прокуратура матбуот хизмати.

Ҳужжатда 2021−2022 ўқув йили учун жами 1,22 миллиард сўм аъзолик бадаллари йиғиш ҳам кўзда тутилган. Хусусан, буйруқ иловасида 169 339 нафар ўқувчилардан 914,4 млн сўм ва 28 488 нафар педагог ходимлардан 307,6 млн сўм аъзолик бадалларини йиғиш режа-графиги тасдиқланган.

Вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган аудиторлик текшируви доирасида 10 декабрь куни буйруқ бекор қилинган. Бошқарма бошлиғи қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилган.

«Шу ўринда таъкидлаш лозимки, аъзолик бадалларини тўлаш ихтиёрий бўлиб, ҳар қандай мажбурий тўлов ундирилиши қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади», — дейилади хабарда.