Академик Темурбек Усмонов 22 декабрь куни 79 ёшида вафот этди, деб хабар берди ЎзА.

У 1942 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1967 йили Москва давлат университетини тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида стажёр-тадқиқотчи сифатида иш бошлаган.

Академик Темурбек Усмонов 2017 йилда Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. Ўзбекистонда лазер физикаси ва технологиялари, ночизиқли оптика ва спектроскопия соҳаларининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.

У ўз соҳаси бўйича янги илмий йўналишга асос солиб, дунёда илк бор қувватли лазер нурланишларининг энг катта самарадорликдаги гармоникалари ва ёруғликнинг энг юқори даражадаги параметрик генерацияларини олишга эришган.

Шунингдек, академик «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланган эди.

Олим 400 дан ортиқ илмий мақолалар, 4 та монография, 16 та патент муаллифи ҳисобланади. 150 дан зиёд илмий мақолалари халқаро нуфузли журналларда чоп этилган.