Нукус шаҳрида 24 декабрь тонгидан бошлаб ёғаётган қор сабабли жамоат транспортидаги «Damas» машиналари ҳаракати ва туманлараро автобус қатновлари вақтинча тўхтатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси гидрометеорология бошқармаси мухандис-синоптиги Ренат Султашовнинг «Газета.uz»га берган маълумотига кўра, Нукусда қор ёғиши бугун кечки соат 21:00гача ва айрим ҳудудларда эртага тушки пайтгача давом этиши кўтилмоқда.


Нукус шаҳридан ташқари, Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот, Қонликўл, Хўжайли, Шумоной, Тахтакўпир ва Тахиятош туманлари да ҳам қор ёғган.

Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Захида Калжанованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, қалин қор сабабли Нукус шаҳрида жамоат транспортидаги 1400 дан ортиқ «Damas» машинаси ҳаракати тўхтатилиб, уларнинг ўрнига «Shimbay Avto Trans «давлат унитар корхонасига тегишли 40 дан ортиқ автобуслар шаҳар ичида қатновга чиқарилган.

Туманлараро йўловчи ташувчи автобус ва микроавтобусларда йўловчиларнининг хавфсизлигини таъминлаш ва йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида уларнинг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган. «Агар қорлар эриб, йўллар очилса транспортлар ҳаракати қайта тикланади», — деди Захида Калжанова.

Ренат Султашовнинг қўшимча қилишича, Қорақалпоғистон ҳудудида совуқ ҳаво 3−4 кун давом этиши кўтилмоқда. Ҳозирда Нукус шаҳрида ҳаво ҳарорати -2 даражани ташкил этмоқда.