Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова бенефициари бўлган Takilant Ltd. компанияси ҳозирда жиноий тергов остида бўлган бешта Швейцария банк ҳисоб рақамидан иккитасига боғлиқлиги аниқланди. Компаниядан мусодара қилинган жами маблағ — 350 млн доллардан кўпроқни ташкил этди.

Swissinfo ахборот агентлиги Гулнора Каримованинг адвокати Грегори Манжага таяниб хабар беришича, Швейцариянинг федерал жиноят суди компанияга тегишли 293 млн доллардан кўпроқ маблағини мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Таъкидланишича, суд ишда қатнашган бир неча киши, шу жумладан Гулнора Каримова ва унинг ёрдамчиси пул «ювишда» айбдор топилгани учун ушбу маблағларнинг катта қисмини мусодара қилиш керак деган қарорга келган.

Бироқ, тахминан 70 млн доллар миқдоридаги маблағ Takilant компаниясига қайтариб берилади. Бунинг сабаби, тегров жараёнида бир нечта компаниялар билан боғлиқ бўлган ушбу активлар жиноят натижасида олинганлиги аниқланмаган. Бу ҳақда 2021 йилнинг 22 декабрь куни Федерал жиноят суди эълон қилган баёнотда қайд этилган.

Суд қарори Швейцария Федерал прокуратураси томонидан 2012 йилда Гулнора Каримованинг шахсий ёрдамчиси ва Россия телекоммуникация компаниясининг ўзбек филиали менежерига қарши пул «ювиш» айбловлари билан боғлиқ кенг қамровли тергов доирасида яна бир бобни ёпди.

Адлия вазирлиги муносабати

Адлия вазирлиги мазкур хаюар юзасидан ўзининг баёнотини эълон қилди.

Унда таъкидланишича, 293 млн доллар маблағнинг мусодара қилингани «Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари учун муҳим ғалаба ҳисобланади». «Чунки у маблағларни Ўзбекистон Республикасига қайтариш бўйича кейинги музокаралар учун иконият очади», — дейилади хабарда.

«Шу билан бирга, суд қарорига кўра 70 млн доллар миқдоридаги маблағлар процессуал харажатлар чиқариб ташланганидан сўнг „Takilant Ltd.“ Компаниясига қайтарилиши мумкин. Айрим ОАВ суд қарорининг ушбу қисмини нотўғри талқин қилган ҳолда асоссиз маълумотлар тарқатишмоқда», — дейилади муносабатда.

Қолаверса, Швейцария федерал жиноят судининг 2021 йил 17 декабрдаги қарори ҳали якуний қарор эмас, Швейцария ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари суднинг ушбу қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгалиги айтилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу маблағларга нисбатан Америка Қўшма Штатларнинг ваколатли органлари томонидан уларни ҳибсга олиш тўғрисида даъво ва ордер ҳам мавжуд, бу эса Швейцария судининг кўрсатилган қарори кучга кирган тақдирда ҳам ушбу маблағларни компанияга қайтариш имконини бермайди.

«Айни пайтда Ўзбекистоннинг давлат органлари Швейцария ва АҚШ расмийлари билан Г. Каримова ва унинг шерикларининг жиноий фаолият натижасида орттирилган активларини қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Чунки ушбу жиноятлардан Ўзбекистон давлати ва халқи ҳам жабр кўрган», — дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Takilant Ltd. компаниясига тегишли 350 млн доллар музлатилган эди. 2020 йилга келиб, Швейцариянинг федерал апелляция суди Гулнора Каримованинг компанияси қонуний бенефициари экани тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқиши маълум қилинди. Ўшандан бошлаб Каримованинг вакиллари ушбу музлатилган активларни қайтариб олишга ҳаракат қилаётганди. «Бу Гулнора Каримова учун муҳим ғалаба», — деганди унинг адвокати Грегори Манжа.

2019 йил 18 мартда Тошкент шаҳар суди ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган эди.

2019 йил март ойида АҚШ Гулнора Каримова ва «Ўздунробита»нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовни коррупция ва 865 млн доллардан кўпроқ пулни «ювган» ликда айблаганди. 24 июнда эса Швейцария Бош прокуратураси Каримова иши бўйича музлатилган 130 млн швейцар кронаси [$133,7 млн] миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилганди.

2020 йилнинг май ойига келиб, Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган. Сентябрга келиб, Швейцария ҳукумати мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришганини маълум қилди. Ўшанда Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» ижтимоий тармоқларда Каримованинг соғлиги оғирлашганига оид тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланган эди. «Унинг аҳволи яхши, COVID-19`га чалинмаган, ўпка пневмонияси ҳам йўқ», — дейилганди хабарда.