Ўзбекистон ипотека кредитларини олиш бўйича рейтингнинг охирги поғоналарини банд қилди, дея хабар берди Spot нашри Numbeo сайтига таянган ҳолда.

Ўзбекистон учун ипотека олиш индекси 0,28 ни ташкил этди. Бу — кўриб чиқилаётган 111 давлат орасида 104-, МДҲда эса охирги ўрин ҳисобланади. Қайд этилишича, рейтингга Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон киритилмаган.

Таққослаш учун, Қозоғистон 0,7 балл билан рейтингнинг 71-поғонасини, Россия — 0,57 балл билан 80-ўринни эгаллади. МДҲда энг яхши натижани Молдова кўрсатди — 0,79 (65-ўрин).

Ипотека кредитлари ҳаммабоплиги бўйича биринчи учликка Саудия Арабистони (5,1), АҚШ (3,4) ва Америка ҳукумати томонидан назорат қилинадиган Пуэрто-Рико ороли (3,1) кирди. Рейтингни Эрон 0,13, Аргентина 0,09 ва Гана 0,04 балл билан якунламоқда.

Ипотеканинг ҳаммабоплиги индекси уй хўжалиги аъзосининг ўртача даромадининг ўртача нарх бўйича 90 квадрат метр яшаш майдонига олинган ипотека учун ҳақиқий ойлик тўловга нисбати ҳисобланади.

Рейтингда ипотеканинг даромаддаги улуши кўрсаткичидан фойдаланилади — мазкур кўрсаткичнинг тескари қиймати индекс ҳисобланади. Шундай қилиб, Саудия Арабистонида ипотека кредитлари оила аъзосига тўғри келадиган ўртача даромаднинг 19,6 фоизини, АҚШда — 29,4 фоизини ташкил қилади.

Қозоғистон учун ипотеканинг даромадга нисбати 143,5 фоизни ташкил этади, яъни ипотека оила аъзосига тўғри келадиган даромаддан деярли бир ярим баравар юқори.

Ўзбекистонда бу кўрсаткич бир оила аъзосининг ўртача даромадидан 355 фоиз — 3,5 баробар кўпдир. Бу шуни англатадики, ипотека тўловлари бутун оиланинг даромади билан таққосланади.

Ўзбекистон турар жой қийматининг йиллик даромадга нисбатида ҳам юқори кўрсаткичлар билан ажралиб туради. Ўртача нархдаги 90 кв. м. майдондаги турар жой қийматини 17 йилу 5 ойда ишлаб топиш мумкин.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ипотека дастурлари асосида кўпроқ уй-жойлар қуришни топширгани хабар қилинган эди. Шунингдек, мамлакатда қурилаётган уй-жойлар нархини арзонлаштириш мақсадида цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди.