Гулнора Каримовага Швейцария банкидаги музлатиб қўйилган $70 млнлик активлари қайтариб берилади

Швейцариянинг федерал жиноят суди Гулнора Каримова бенефициари бўлган Takilant компаниясининг музлатилган 350 млн доллар кўпроқ маблағнинг 293 млн долларини мусодара қилди. Тахминан 70 млн доллар эса жиноят натижасига қўлга киритилгани аниқланмагани учун компанияга қайтарилади. Шу билан суд Каримова билан боғлиқ жиноят иши доирасида яна бир бобни ёпди. Адлия вазирлиги 293 млн долларни Ўзбекистонга қайтаришга умид қилмоқда.

Қозоғистондан Ўзбекистонга янги магистраль йўл қурилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 280 километрлик янги автомобиль ва темир йўл қурилиши режалаштирилмоқда. Мазкур йўлнинг Марказий Осиё давлатларини Қозоғистоннинг жанубий, марказий ва шимолий ҳудудлари орқали Россия билан бирлаштириши кутилмоқда.

Фото: Қорақалпоғистонда қор ёғди

Жума куни Нукус шаҳри ва Қорақалпоғистоннинг бир қанча туманларида қор ёғди. Бунинг оқибатида жамоат транспорти сифатида фойдаланилган 1400 дан ортиқ «Damas» машиналари қатновдан олинган, туманлараро йўловчи ташувчи автобус ва микроавтобуслар ҳаракати эса вақтинча тўхтатилган. Қорақалпоғистонлик синоптикнинг фикрича, шанба куни тушки вақтгача қор ёғишда давом этади ва совуқ ҳаво 3−4 кун давомида сақланиб қолади.

Гўшт, балиқ, картошка, ўсимлик ёғи учун ҚҚС имтиёзлари яна 4 ойга узайтирилиши мумкин

Асосий озиқ-овқат маҳсулотлар, жумладан, ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, гўшт, тирик ҳайвонлар, балиқ ва картошка импорти ва реализацияси учун ҚҚС берилган имтиёзлар муддати 2022 йилнинг 30 апрелигача узайтириш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди.

Самарқанд ва Сурхондарёда ноқонуний ер сотишга уринган шахслар ушланди

Самарқандда ўзганинг фермер хўжалиги еридан 10 гектарни сотмоқчи бўлган аёл, Сурхондарёда эса уй қуриш учун фермер хўжалик ерини сотишга уринган фуқаро қўлга олинди. Уларга нисбатан фирибгарлик моддаси билан жиноят иши очилди.

UzAuto Motors ёзда ўз Tracker автомобилини ишлаб чиқаришни мўлжалламоқда

2022 йил ёзи ўрталарида UzAuto Motors янги Tracker автомобилининг кичик узелли йиғишни бошлашни режалаштирмоқда. Маҳаллийлаштириш даражасининг энг камида 50 фоизни ташкил этиши ҳамда йилига 80 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Дам олиш кунлари қор ёғиши кутилмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб ҳаво совиши, кечалари температура -8 даражагача бўлиши кутилмоқда. Шанба куни ёмғир ёғади, якшанба куни эса ёмғир қорга айланади.

Академик Темурбек Усмонов вафот этди

Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, физик олим Темурбек Усмонов 79 ёшида вафот этди. У дунёда илк бор қувватли лазер нурланишларининг энг катта самарадорликдаги гармоникалари ва ёруғликнинг энг юқори даражадаги параметрик генерацияларини олишга эришган эди.

Сардобада зарар кўрган ирригация ва мелиорация объектларини таъмирлашга 4,4 млрд сўм ажратилди

Сирдарё вилояти ҳокими фармойишига кўра, Сардоба тошқини оқибатиида зарар кўрган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, таъмирлаш ишлари учун республика бюджетидан 4,4 млрд сўм ажратилди.

Ўзбекистон ипотека кредити олиш бўйича МДҲда охирги ўринни эгаллади

Ўзбекистон ипотека кредитларини олиш бўйича рейтингда 111 давлат ичида 104-ўринни, МДҲда эса охирги поғонани эгаллади.

Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мутахассиси пора билан қўлга тушди

Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мутахассиси мактабдаги таъмирлаш ишларини бажарилгани ҳақидаги далолатномани тасдиқлатиб бериш эвазига тадбиркордан 2000 доллар олганида ушланди. Унга нисбатан жиноят иши очилди.

МДҲ давлатлари президентлари Санкт-Петербургда учрашади

Президент Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашувида иштирок этади.

ДХХ Андижонда 12 нафар диний ташкилот тарафдорини қўлга олди

ДХХ Андижон вилоятида аввал «Ҳизб ут-Таҳрир» ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиққан, бироқ, озодликка чиққач экстремистик ғояларни тарғиб қилишда давом этган 12 нафар шахсни қўлга олди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ёшлар форуми доирасида 40 та энг истиқболли стартап лойиҳага 50 млн сўмдан берилди

«Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021» доирасида республика бўйлаб танлаб олинган 40 та энг истиқболли стартап лойиҳалари ғолибларига «Ёшлар — келажагимиз» жамғармасидан 1 млрд сўм, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қўшма лойиҳаси томонидан эса 100 минг доллар грант маблағлари ажратилди.

Буюк Британия компанияси Наманганда 90 млн долларга канализация тизимини қуради

Буюк Британиянинг Metito Utilities Limited компанияси Наманган шаҳрида оқова сувларни тозалаш иншоотларини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Лойиҳа қиймати 90 млн долларга баҳоланмоқда. Объектдан эркин фойдаланиш учун давлат йилига 9 млн доллар тўлайди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Янги йилга вилоятлараро такси нархлари қанча бўлади?

Турли ҳудудлардан Тошкентда таҳсил олувчи талабалар Янги йил таътилидан олдин уйларига самолёт, поезд, автобус ва енгил машиналарда етиб олишади. «Газета.uz» Тошкентдан Ўзбекистоннинг олис ҳудудларидан бўлмиш Нукус, Урганч, Қарши, Термиз, Бухоро ва Фарғона шаҳарларига қайси транспорт турларига чипталар қолганлиги ва таксилар нархи қанчагача ошиши мумикнлигини ўрганди.

Фарғона йўли кўчасидаги нотўғри белгилар, велойўлак устидаги бекат ва таъмирталаб бўлиб қолган янги йўллар — фото, видео

Фарғона йўли кўчасидаги реконструкция ишлари 2020 йилнинг охиригача битирилиши кутилган эди. Лекин белгиланган муддатдан бир йил ўтиб ҳам бу ердаги қурилиш ишлари тўхтагани йўқ. Бундан ташқари, кўчадаги янги йўл белгилари нотўғри ўрнатилган, велойўлак устида бекат қад кўтарган, янги йўлларнинг баъзи қисмлари аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган. «Газета.uz» Фарғона йўли кўчасидаги муаммолар ҳақида репортаж тайёрлади.

Дунё мамлакатлари конституцияларига қандай ўзгаришлар киритилган?

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда мамлакат Конституциясининг янги лойиҳаси тайёрланишини маълум қилди. Янги конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи акс эттирилиб, экологияга оид махсус боб киритилади. «Газета.uz» АҚШ, Франция, Россия ва Марказий Осиё давлатлари конституцияларига киритилган энг муҳим ўзгаришлар ҳақида мақола тайёрлади.