22 декабрь куни Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти тарафдорларининг фаолиятига чек қуйилди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.

Муқаддам «Ҳизб ут-Таҳрир» сафида фаолият олиб борганлиги учун узоқ йиллар жазо муддатини ўтаб чиққан «А.А.» (1968 й.т.) жиноий фаолиятини тиклаб 11 нафар собиқ ғоядошларини ўзининг ноқонуний ҳаракатларига жалб қилгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, уларнинг барчаси муқаддам «Ҳизб ут-Таҳрир» ташкилотига аъзо бўлганликлари учун жазо муддатини ўтаб чиқишган. «Улар Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ҳамда Интернет тармоғи орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиш ва шу йўл билан сафларини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний ҳатти-харакатларни содир этишган», — дейилади хабарда.

Ҳибсга олинган шахсларда экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қуйилган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қузғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.