Чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги Олмалиқ шаҳрига ташриф буюргани ҳақида ёзгандик.

Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, давлат раҳбари шу куни Олмалиқ шаҳрида фаоллар билан ҳам учрашган ва Тошкент вилоятидаги кадрлар муаммосига тўхталиб ўтган.

«Мен нима учун ҳоким ёрдамчилари деган тизимни жорий қилдим, чунки ўзим учун яхши кадрлар қидириб юрибман. Мана, бугун ҳам сизлар билан суҳбатда янги кадрлар кашф қилдим», — деган у.

«Мисол учун, Андижон вилоятида 30 йилда ҳокимлар сони кўп бўлмаган, — дея сўзида давом этган Шавкат Мирзиёев. — Лекин Тошкент вилоятига мажозий маънода айтганда 30 та ҳоким келиб-кетди. Нега? Чунки ишни эплайдиган яхши кадрлар топиш қийин. Бири коррупцияга йўл очади, бошқаси дарров ғўддайиб, оёғи ердан узилади. Мен амални бераман, лекин арқонни узун ташлаб қўяман»

Давлат раҳбари нима сабабдан Қашқадарё вилояти ҳокимини Тошкент вилоятига олиб келганига ҳам тўхталган.

«Зойир Мирзаевни бекорга олиб келмадим бу ерга. Қашқадарё ҳам оғир вилоятлардан бири эди, аммо эплади. Тошкент вилоятида муаммолар кўплиги учун уни атайин бу ерга олиб келдим», — деди Шавкат Мирзиёев.

2016 йил 4 февралда Содиқ Абдуллаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тайинланиб, Аҳмаджон Усмоновнинг ўрнини эгаллаганди.

2016 йил 15 августда Исламджан Эргашходжаев вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи бўлди.

2016 йил 15 декабрда вилоятга Шукурулло Бобоев раҳбар бўлди.

2017 йил кузда Ғуломжон Ибрагимов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 2018 йил 6 январда у вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди.

2019 йил 4 июнда Ғуломжон Ибрагимов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтди. Рустам Холматов зиммасига Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариш юклатилди.

2021 йил 30 январда Рустам Холматов «аравани торта олмагани» учун ишдан олинди. Унинг ўрнига пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлди. Президент Ҳидоятовнинг «ҳаракатчанлиги, билими ва ўз устида ишлашини» таъкидлади ва у 19 март куни у ҳоким сифатида тасдиқланди.

2021 йил 18 ноябрда Даврон Ҳидоятов лавозимдан озод этилиб, Чирчиқ шаҳри ҳокимияти раҳбарлигига ўтказилди. Унинг ўрнини эса Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев эгаллади.