22 декабрь куни Ўзбекистоннинг учта вилоятининг саккизта туманида бўлиб ўтган халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида янги туман ҳокимлар тасдиқланди.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманига Шерали Кусенович Саломов ўрнига Хуршид Яҳёевич Тохиров ҳоким бўлди.

Туман кенгаши сессиясида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмушини яхшилаш борасида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлади.

Жамшид Шаропов. Фото: t.me/buxorouz_official.

Бухоро вилояти Шофиркон тумани Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Шукрулло Ҳакимов туман ҳокими лавозимидан озод этилди.

Янги ҳоким этиб бунга қадар Марказий банкнинг Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Жамшид Фазлиддинович Шаропов тасдиқланди.

Жўрабек Нурматов. Фото: t.me/namvilhok.

Наманган вилояти Норин тумани ҳокими лавозимига Дилмурод Қодиров ўрнига Жўрабек Хамидович Нурматов тайинланди.

Бунгача (2020 йилдан) у туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Жаҳонгир Риззаев. Фото: t.me/namvilhok.

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманига Жаҳонгир Носиржонович Риззаев ҳоким этиб тайинланди. У 2018 йил май ойидан Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош директори лавозимида ишлаб келаётган эди.

Аввалги ҳоким Азимжон Абдумуталович Ваҳобов фаолиятидаги камчиликлари учун лавозимидан озод этилган эди.

Аввалроқ Бухоро вилоятининг Ромитан, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Оқдарё ва Наманган вилоятининг Косонсой туманларига янги ҳокимлар тайинлангани ҳақида хабар қилган эдик.