Тошкентда бўлиб ўтган минтақавий форумда Ўзбекистоннинг 2021 йилда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотидаги раислиги якунлари сарҳисоб қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон раислиги даврида хотин-қизлар етакчилиги ва тадбиркорлик масалалари эътибор марказида бўлди. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратиш муҳим йўналишга айланди.Мулоқот аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларидаги амалдаги норматив-ҳуқуқий базани таҳлил қилиш ташаббуси билан чиқди.

Ўзбекистонда ҳам бу борадаги ишлар амалга оширилди, яқин кунларда хотин-қизлар бизнесини ривожлантириш, аёлларнинг ишбилармонлик фаоллигини ошириш учун шарт-шароитларни янада яхшилаш бўйича ваколатли давлат органларига таклифлар киритилади.

Форумда 2022 йилда раисликни бошқа давлатга ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, келаси йил Марказий Осиё Етакчи аёллар мулоқотига Туркманистон раислик қилади.

«Ўзбекистон Марказий Осиёда гендер тенглик ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам давом эттиради», — дейилади хабарда.