Фуқаролар ўртасида чет эл валютасида қарз беришни нотариал тасдиқлаш орқали амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилди. Адлия вазирлигининг «Газета.uz»га хабар беришича, вазирлик томонидан тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олиш бўйича шартнома тузишга рухсат этилмаган. Бироқ, амалиётда фуқаролар томонидан чет эл валютасида қарз келишувлари тузиш ҳолатлари кўп учрайди ва чекловлар сабабли ёзма равишда қарз шартномасини тузишга ва кейинчалик низо келиб чиққанда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тўсқинликлар юзага келаётган эди, дейилади хабарда.

Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • Фуқаролик кодексига фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси БҲМнинг 10 бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши, қарз суммаси чет эл валютасида белгиланганда эса ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши шартлиги каби янги қоида киритилмоқда.
  • «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунга Ўзбекистон ҳудудида резидент ва норезидент бўлган жисмоний шахслар ўртасидаги валюта операцияларига ёзма шаклда тузилган ва нотариал тартибда тасдиқланган қарз шартномаси орқали қарз бериш ва қайтариб олишга доир операциялар киритилмоқда;
  • «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қарз шартномасини нотариал тасдиқланганлик учун ҳамда нотариус томонидан қарз шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш бўйича ижро варақасини расмийлаштиришдаги давлат божи миқдори икки бараварга камайтириш борасида ўзгартишлар киритилади.

«Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан жисмоний шахсларнинг ўз мулки ҳисобланган чет эл валютасидаги пул маблағларини эркин тасарруф этиши, хусусан уларнинг чет эл валютасида қарз беришда ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, шу жумладан низо келиб чиққан тақдирда судда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилинишига ҳуқуқий асослар яратилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, қарз бериш ва олишда шартномавий-ҳуқуқий муносабатларнинг ривожланишига туртки бериши ва бу борада яширинча келишувлар тузилишининг олди олиниши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрь куни қабул қилинган президентнинг тегишли [ПФ-6313-сон] фармонида жисмоний шахсларга қарз шартномаларини нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида қарз бериш ва қайтариб олишга рухсат берилганди.