Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Тошкент вилоятидаги Олмалиқ шаҳрига ташриф буюриб, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш бўйича 5,12 млрд долларлик лойиҳасининг амалга оширилишини кўздан кечирди.

Кон ҳудуди 11 минг гектарни ташкил этади, захираси эса йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда.

«Мисни қайта ишлаб чиқарадиган 1 ва 2- корхоналаримиз бор эди — МОФ-1, МОФ-2, биз мана, МОФ-3 қиляпмиз. Ислоҳотларни бошлаганимизда, Ўзбекистоннинг ер ости бойликларига эътибор қилганимизда, охирги 25 йилда геологияга эътибор берилмагани учун биз шунчалик ер ости бойликларимиз борлигини билмаган эдик. Сизлар билмайсизлар қанчалар бой одам эканлигингизни, қандай ер ости бойликлари устида яшаётганингизни», — деди давлат раҳбари табассум қилганча.

Унинг сўзларига кўра, авваллари «ускуна, илм ва амалиёт интеграцияси бўлмагани» сабабли табиий ресурсларни аниқлаш имкони бўлмаган.

«Текширувларни бошлаганимизда 16 млн [тонна] захира борлигини аниқлаган эдик. Навоий КМКда [олтин] захира 3 минг тоннага етмаса, бу ерда 5 минг тоннадан кўпроқ», — деди у.

Фото: Президент матбуот хизмати.

«Ўтган сафар (29 июль)да келганимда „Ёшлик-1“ конининг янги лойиҳаларига тамал тоши қўйгандик. Мен ҳозиргина тақдимотлар давомида мисни қайта ишлаш фабрикасининг 5−6-сини қуриш бўйича топшириқ бердим», — деди давлат раҳбари

Шавкат Мирзиёев дунёда яшил иқтисодиётга асосий урғу берилаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Электромобиллар ҳам мисдан ясаляпти. Энди мисни қайта ишлаб, қўшимча қиймат яратиш- тайёр маҳсулотни экспорт қилишни йўлга қўйишимиз керак. Қачон бўлади, деб айтарсиз. Биз хориж тажрибаси ва ҳамкорлиги асосида 2023 йилда 3-мисни қайта ишлаш фабрикасини ишга туширамиз. Бу корхоналар халқимизга, унинг ҳаётини яхшилашга хизмат қилади», — деди у.

Комбинатнинг JORC кодекси бўйича баҳоланган мис ресурслари 45 миллион тоннани, олтин ресурлари эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этади. Бунга асосланиб, 2030 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 515 минг тоннага, олтинни 52 тоннага, кумушни 343 тоннага олиб чиқиш бўйича концепция тайёрланган. Бунинг эвазига комбинатнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 8 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Олмалиқ КМКдаги 2 миллиард долларлик бойитиш заводи Enter Engineering ва «Уралмашзавод» компаниялари томонидан қурилмоқда. Дастлаб, лойиҳа SFI Management Group остида Renaissance Heavy Industries томонидан амалга оширилиши керак эди, бироқ февраль ойида улар лойиҳадан четлаштирилди. Ноябрь ойида завод қурилиши учун Россиянинг ВЭБ.РФ ривожланиш корпорацияси ҳукумат кафолати ва кафиллигисиз 712 млн евро миқдорида кредит ажратди.

2020 йилда Ўзбекистондаги Мурунтов Навоий олтин карьери кетма-кет иккинчи йил олтин қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи конлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Бу кондан ўтган йили 56,7 тоннага яқин олтин қазиб олинди.

Олтин Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти ҳисобланади. 2020 йилда ушбу металл 5,8 миллиард долларга (умумий экспортнинг 38,3 фоизи), 2019 йилда 4,9 миллиард долларга (28,2 фоиз), 2021 йил январь-ноябрь ойларида эса 26,5 фоиз миқдорида экспорт қилинган.