Мудофаа саноати давлат қўмитаси раиси Ойбек Исмоиловнинг таъкидлашича, қўмита тасарруфидаги корхоналар сони 6 тага етиб, ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқаришга лицензиялаштирилган хусусий сектор корхоналари сони 3 баробарга ортган. Бу ҳақда Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.

2021 йилда қўмита тасарруфидаги корхоналар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқиш кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан 3,5 баробар, хорижий давлатларга маҳсулотлар экспорти 1,9 баробарга ошган.

Қайд этилишича, корхоналар замонавий, энергия тежовчи, рақамли-дастурлаштирилган бошқарувли дастгоҳлар ва ускуналар билан босқичма-босқич жиҳозланган. Улар базасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари ўтказилган. Ушбу мақсадларга йўналтирилган маблағлар, ўтган йилга нисбатан 15 баробарга ўсган.

Енгил зирҳланган автомобиллар ва тунги кўриш приборлари каби юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 20дан ортиқ турдаги замонавий талабларга жавоб берадиган ҳарбий ва икки мақсадда қўлланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш тизими ўзлаштирилган.

Шунингдек, Ўзбекистон тарихида илк бор миллий Мудофаа саноати маҳсулотлари 2021 йилнинг 23−26 июнь кунлари Беларуснинг Минск шаҳрида ўтган «MILEX-2021» қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар халқаро кўргазмасидаги намойиш этилгани айтилди.

Умумий ҳисобда ўтган давр ичида қўмита ва унинг корхоналари томонидан кўплаб турдаги ҳарбий ҳамда икки мақсадли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Чирчиқ шаҳрида зирҳланган автомашиналар, седан, автобуслар, тиббий ёрдам машиналари, қолаверса, зирҳли ҳарбий машиналар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.