Ўзбекистоннинг учта вилоятининг тўртта туманида янги ҳокимлар тасдиқланди. Қарорлар халқ депутатлари туман Кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида қабул қилинди.

Умеджон Барноев. Фото: t.me/buxorouz_official.

Бухоро вилоятининг Ромитан туманига 2020 йил ноябрь ойидан буён Бухоро тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Умеджон Исоевич Барноев раҳбар этиб тайинланди.

Умеджон Барноев ушбу лавозимда Хуршид Яҳёевич Тоҳиров ўрнига тайинланди. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов унинг истеъфосини изоҳлар экан, «Унинг тажрибасини инобатга олиб, бошқа масъул лавозимга тайинлашга қарор қилдик», — деди.

Самандар Астанов. Фото: t.me/e_turdimov.

Самарқанд вилояти Булунғур туманига Самандар Мустафоқулович Астанов ҳоким бўлди. Бунгача у Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Аввалги ҳоким Баҳодир Абдуллаевич Бахрамов бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шерзод Қудратов. Фото: t.me/e_turdimov.

Мазкур вилоятнинг Оқдарё тумани ҳокими Нажмиддин Бахриевич Сулаймоновнинг бошқа ишга ўтаётгани маълум қилинди. Янги ҳоким этиб Қудратов Шерзод Асадович тасдиқланди.

Шерзод Қудратов ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Дилмурод Қодиров. Сурат: t.me/namvilhok.

Наманган вилояти Косонсой туманига Дилмурод Ғофурович Қодиров раҳбар этиб тайинланди. 2017 йилнинг май ойидан буён у Норин тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

Янги лавозимга у президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланган Баҳодир Турсунович Юсупов ўрнини эгаллади.