Монополияга қарши курашиш қўмитасига «Nutella» товар белгиси остида шоколад ишлаб чиқарувчи Италиянинг «FERRERO S.p.A.» компанияси вакили мурожаат қилди дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Аризачи ўз мурожаатида маҳаллий ишлаб чиқарувчи «POLAT A.S.» МЧЖнинг «Ramella» шоколад пастасини ишлаб чиқаришда айнан бир хил қадоқлаш ва аниқ ўхшаш тасвирий элементлардан фойдалангани истеъмолчиларни ишлаб чиқарувчи ҳақида чалғитаётганини билдирган.

«Nutella» савдо белгиси 1987 йилда компания томонидан халқаро миқёсда рўйхатга олинган. 2000 йилда «Ramella» компанияси ҳам тегишли тартибда рўйхатга олингани маълум қилинган.

Махсус комиссия ҳолат бўйича «POLAT A.S.» МЧЖни Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасининг биринчи қисмини бузган деб топди.

Унга кўра, «13 модданинг учинчи хатбошисидаги товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи, сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш, хўжалик юритувчи субъект (рақобатчи) томонидан фуқаролик муомаласига киритиладиган товарни унинг ташқи безатилиши ва шаклини, номини, тамғаланишини, этикеткасини, ўровини, ранглар уйғунлигини, товар белгисини такрорлаш, реклама материалларидан ёки хўжалик юритувчи субъектнинг (рақобатчининг) товарини индивидуаллаштирувчи бошқа элементлардан нусха кўчириш орқали қалбакилаштириш талаблари бузилган», дейилади хабарда.

Шунингдек, жамият зиммасига қонун бузилишни бартараф этиш, келгусида бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мажбурияти юклатилган.