Вазирлар Маҳкамасининг 16 декабрдаги қарори билан Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳарбийлаштиришган соқчилик бўлинмалари ва қоровулллик бўлинмалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, тоифаланган объектларни, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг объектларини, уларнинг мол мулкини қўриқлаш эвазига тушадиган маблағлар ҳисобидан ҳарбийлаштирилган соқчилик бўлинмалари ва қоровуллик бўлинмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тасдиқланди.

Шунингдек, низом билан ҳарбийлаштирилган соқчилик ва қоровуллик бўлинмаларининг вазифа ва мажбуриятлари, улар фаолиятини ташкил этиш тартиблари, кўрсатиладиган хизмат турлари, бўлинмаларга ишчи ва хизматчиларни қабул қилиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиблари белгилаб берилди.

Шартнома асосида қўриқлаш учун топширилган бинолар, қурилмалар, иншоотлар, муайян жойлар, уларнинг ҳудудлари, транспорт воситалари, транспортда ташиладиган юклар, пул маблағлари, моддий бойликлар ва бошқа мол-мулклар қўриқланадиган объект сифатида келтирилган.

Ҳарбийлаштирилган соқчилик ва қоровуллик бўлинмалари ходимлари хизмат вақтида жисмоний куч, хизмат қуроли ва махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Ҳужжат қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 17 декабрдан кучга кирди.