Чилида янги президент сайланди

Чилидаги президентлик сайловларида ижтимоий давлат тарафдори Габриел Борич иккинчи турда диктатор Аугусто Пиночетга ҳавасмандлигини яширмаган ўта консерватив Хосе Антонио Кастадан ўзиб кетди. Ғолибнинг режалари орасида бизнес ва аҳолининг бадавлат қатламлари учун солиқларни ошириш, бепул таълим ва тиббиётни ривожлантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари мавзусига алоҳида эътибор қаратилган.

Сайлов ғолиби ўз нутқининг кўп қисмини камситиш ва ижтимоий тенгсизликнинг барча шаклларига қарши курашиш ваъдаларига бағишлади. Айнан мана шу шиорлар давлат бошқаруви тизимида ишлаш тажрибасига эга бўлмаган ёш сиёсатчини ғалабага етаклади. У деярли 56 фоиз овоз олди, Хосе Антонио Каста эса 44 фоиз овоз билан имкониятни бой берди.

35 ёшли Габриел Борич Чили университетининг юридик факультетини тамомлаган. 2011 йилда пуллик олий таълим тизимига қарши талабалар норозилигига раҳбарлик қилгани ортидан машҳурликка эришган — Коммерсантъ.


Қирғизистонда ички қўшинлар қўмондони катта миқдордаги давлат мол-мулкини ўғрилашда гумонланиб қўлга олинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари қўмондони Исломбек Кенжеқулов ўта йирик миқдордаги мол-мулкни ўғрилаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда сешанба куни ТАСС агентлиги республика Бош прокуратурасига таяниб хабар берди.

«Кенжеқулов ички қўшинларда бюджет маблағлари билан молиявий фирибгарлик содир этиш бўйича тергов доирасида қўлга олинди», — дейилади хабарда. Унинг сўзларига кўра, яқин орада суд қўмондонга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш масаласини кўриб чиқади.

Шу ой бошида Қирғизистон Ҳарбий прокуратураси ички қўшинларнинг бир қатор мансабдор шахсларига нисбатан «Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш», «Фирибгарлик», «Ўта йирик миқдорда ишониб топширилган мулкни ўзлаштириш ёки сарфлаш» моддалари бўйича иш қўзғатган эди.

Дастлабки тергов натижасида Қирғизистон Ички қўшинларининг бир қатор мансабдор шахслари шахсий таркибга озиқ-овқат ва кийим-кечак харид қилиш учун фронт компаниялари ҳисоб рақамларига бюджет маблағларини ўтказиб келаётгани аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, гап 34 млн қирғиз сўми (тахминан 400 минг доллар) миқдоридаги зарар ҳақида кетмоқда.


Пентагон 100 га яқин америкалик ҳарбийларни экстремистик ҳаракатларда айблаб ҳибсга олди

Пентагоннинг маълум қилишича, ўтган йил давомида 100 га яқин америкалик ҳарбий хизматчи экстремистик ҳаракатлар билан шуғулланган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

«Мудофаа вазирлиги ўтган йили тақиқланган экстремистик фаолиятга алоқадорликлари юзасидан расмий чоралар кўрилган ҳарбий хизматчиларнинг сони салкам 100 нафар эканлигини аниқлади», — дейилади Пентагон баёнотида.

Пентагон ички таҳдидлар ва бўлинмаларнинг ҳамжиҳатлигига путур етказиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларга қарши курашни давом эттиради, дейилади хабарда.


Илон Маск 11 млрд доллар солиқ тўлашини маълум қилди

Tesla асосчиси Илон Маск бу йил 11 млрд доллар солиқ тўлайди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter’даги саҳифасида қисқача маълум қилди.

«Қизиққанлар учун бу йил 11 млрд доллар солиқ тўлайман», — деб ёзди у.

Бу баёнот Илон Маск ва сенатор Элизабет Уоррен ўртасидаги интернетдаги тортишувнинг ўзига хос давоми бўлди. Ўтган ҳафта сенатор Tesla раҳбарини кўпроқ солиқ тўлашга ундаган эди. «„Йил одами“ ҳақиқатан ҳам солиқ тўлаши ва текин томоқ бўлишни бас қилиши учун нотўғри солиқ кодексини ўзгартирайлик», — деб ёзди сенатор Twitter’да. Бунга жавобан Маск бу йил тарихдаги барча америкаликлардан кўпроқ солиқ тўлашини айтди.

Умуман олганда, Илон Маск 2012 йилда Tesla учун маълум кўрсаткичларга эришиш мажбуриятлари билан 25,5 млн опционни қабул қилганди. Опционлар учун солиқ тўланмайди. Ушбу акцияларни қайтариб сотиб олиш муддати 2022 йил августида тугайди, шунинг учун Маск ўтган ой акцияларни қайтариб сотиб олишни бошлади ва уларнинг қиймати даромад сифатида солиққа тортилади. Бундан ташқари, Илон Маск учун солиқ ставкаси 40,8% ни ташкил қилади. Бундан ташқари, у Калифорния штати даромад солиғини — 12% тўлаши керак. Харажатларни қоплаш учун Маск сотиб олинган акцияларнинг бир қисмини сотиб, 7,8 млрд доллар йиғди — Коммерсантъ.