Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Тошкент ёшлар форуми — 2021» доирасида Ўзбекистонда PayPal каби электрон тўловларнинг ишламаслиги масаласида берилган саволга жавоб берди.

«Ҳақиқатан ҳам, PayPal тизимида Ўзбекистон йўқ. Бунга, менимча, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида конвертация тизимининг ишламагани ва шу каби бошқа сунъий тўсиқлар сабаб бўлган деб ўйлайман. Айнан шу сабаблар туфайли PayPal Ўзбекистонни ўз рўйхатидан чиқариб ташлаган бўлиши мумкин», — деди АКТ вазири.

Бизнинг вазифамиз Марказий банк, Молия вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимга Ўзбекистонни ҳам қўшишдан иборат. Бу борада ўзгаришлар бўлади деган умиддаман, дея таъкидлади Шерзод Шерматов.

Шунингдек, АКТ вазирлиги раҳбари форум доирасида IT-соҳасининг аҳамияти, соҳадаги вакансиялар, IT-мутахассисларининг маошлари тўғрисидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Агар илгари абитуриент олийгоҳдаги IT-йўналишни танласа, бу ҳеч кимга керак бўлмаслигига ишора бўларди. Бугун эса соҳа ҳаётимизнинг барча жабҳаларида керак бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Пандемия эса буни исботлади. Бугунги кунда IT-мутахассисларнинг иш ҳақи етарлича рақобатбардош, ойига 4 минг долларгача ишлаб топиш мумкин. Ҳозирги вақтда, масалан, Ўзбекистоннинг турли IT-компанияларида 440 та бўш иш ўринлари мавжуд», — деб айтди Шерматов.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 29 октябрь куни Марказий банк PayPal Ўзбекистондаги фаолиятига чекловни мустақил равишда ўрнатгани ва бу бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишилмагани ҳақида маълум қилган эди.