Халқ таълим вазирлиги 20 декабрдаги умумтаълим мактабларида янги йил байрамини нишонлаш тўғрисидаги хабарномага қўшимча изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, вазирлик аввалига «умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида таълим муассасалари ҳудудида янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш мумкин эмас» деб чиққан эди.

Қолаверса, истисно тариқасида бошланғич синф ўқувчиларига синф раҳбари ҳамда ота-оналар иштирокида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, ўз синф хоналарида, дарс машғулотларига халақит бермаган ҳолда байрам тадбирларини ўтказиш ҳамда мактаб ҳовлисида янги йил арчасини безатишга рухсат берилганди.

ХТВнинг қўшимча изоҳида мактабларга янги йил байрамини режалаштириш ва ўтказиш билан боғлиқ хат нотўғри талқин қилингани айтилмоқда.

«Умумтаълим мактаблари ҳудудида янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмаслигини билдирамиз. Шу билан бирга мактабларда пул йиғимлари ҳамда ота-оналарнинг эътирозларини олдини олиш мақсадида ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шаҳобчаларида мактаб ўқувчиларига янги йил байрамини ўтказиш тавсия этилмайди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг турли хил корпоратив байрам ва кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ тақиқлар вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига татбиқ этилганлиги қўшимча қилинди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Республика махсус комиссияси аҳоли саломатлигини таъминлаш ҳамда мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадида фуқароларга янги 2022 йил байрами тадбирларини имкон қадар оила даврасида ўтказиш тавсия этилганди.