Ижтимоий тармоқларда Тошкентда жойлашган «Малика» бозори 125 млрд сўмга сотилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Молия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га ушбу хабарларнинг нотўғри эканини маълум қилди.

«Бу маълумот ичида сотилган ва сотилиши режалаштирилган объектлар битта жадвалда кетиб қолганини маълум қиламиз. Шу борада „Малика“ савдо мажмуаси ҳали сотилмаганлигини маълум қилмоқчимиз. Тушунмовчилик учун узр сўраймиз» — дейилади вазирлик изоҳида.

Қайд этилишича, ушбу жадвалда 2021 йил якунига қадар сотилиши режалаштирилган давлат активлари келтирилган. Бундан ташқари, вазирлик изоҳида жадвалда келтирилган объектларнинг ҳеч бири ҳали сотилмаганлиги маълум қилинди. Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича тўғри ифода этилган жадвал тақдим этилди.


Тўғри ифодаланган жадвал

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан «Бродвей»даги ДХХнинг собиқ биноси, «Малика» бозори ва бошқа объектлар, шу жумладан биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш зонасини сотиб олишга аризалар қабули бошлангани ҳақида хабар берилган эди.