Ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг 20 декабрь кунига белгиланган сессиясида вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг мурожаатнома йўллаши (айни вақтда бўлиб ўтмоқда) ва унда депутатлардан ҳокимига савол бермаслик талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Жумладан, вилоятдаги кенгашлар котибиятлар мудирларига йўлланган хатда сессияга телефон билан қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда.

«Агар сессия кун тартиби бўйича интервю берадиганлар бўлса, вилоят хокими Мурожаатидан келиб чиқиш лозим ҳамда сессия бўлиб ўтаётган жараёнда саволлар берилмайди», — дейилган хатда.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг ёзишича, унга жиззахлик депутатлар «сессиясда мазкур чекловларга талаблар вилоят кенгаши котибияти мудирининг ташаббуси билан қилинганини» айтган. «Яъни котибият мудири бўлган депутатнинг ўзи депутатларга чеклов ўрнатмоқчи», — дея фикр билдирди депутат.

У шунингдек, депутат — халқ вакили эканлиги, у халқ номидан хар қандай мансабдор шахсга ва умумай ҳар қандай оддий фуқаро ҳам ҳокимга савол беришга ҳуқуқи борлигини эслатиб ўтди.

Қолаверса, Расул Кушербаев «депутатда мол-мулкига нисбатан ҳам дахлсизлик ҳуқуқи мавжудлиги сабабли, cессияга шахсий телефонлари билан киритмаслик бўйича чеклов ўрнатилиши ҳам ғайриқонуний» эканини айтди.

Жиззах вилояти ҳокимияти матбуот хизмати вилоят Кенгаши котибиятининг муносабатини эълон қилди.

«Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг регламентига асосан, депутатлар депутатлик одоби ва талабларидан келиб чиқган ҳолда ўтказиладиган сессияларга расмий кийимда келиши керак бўлади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, «сессия йиғилиши вилоят телевиденияси ҳамда ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри ёритилишини инобатга олган ҳолда сессия йиғилишига ҳалақит бермаслик мақсадида телефон овоссиз ҳолатга келтириш тавсия этилган».

Айрим туманларнинг узоқлиги сабабли регламентга асосан, депутатларнинг сессия йиғилишига кечикиб келишига йўл қўймаслик учун эслатилган.

«Ушбу сессия кун тартибига киритилган (вилоят ҳокимининг) Мурожаатномаси барча депутатлар иштирокида доимий комиссиялар йиғилишида батафсил муҳокама этилган ҳамда сессиядан кейин очиқ тарзда матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган ва депутатлар матбуот анжуманига таклиф этилган», — дейилади хабарда.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ҳамда депутатлар томонидан савол-жавоблар ўтказилиши белгилангани ҳам қўшимча қилинди.