Янги йил арафасида ўзбекистонликлар 5 кун дам олади

Президент фармони билан 2022 йилда қўшимча дам олиш кунлари белгиланди. Унга кўра, иш ҳафтасидан қатъий назар барча ходимлар Янги йил байрами муносабати билан 5 кун дам олади.

21 декабрь куни кучли шамол ва чанг бўрони бўлиши кутилмоқда

21 декабрь куни бир қатор ҳудудларда шамол 17−22 м/с гача, айрим жойларда эса 25−28 м/c гача кучайиши мумкин. 21−22 декабрда баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳафта давомида мамлакат бўйлаб об-ҳаво ўзгарувчан бўлади. Чўл ҳудудларда эса чанг бўрони кузатилиши мумкин.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Русланбек Давлетов — ижтимоий тармоқлар блокланиши ҳақида

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фикрича, Ўзбекистонда TikTok фаолиятини тармоқда «кераксиз контентни» кўрганларнинг ўзи чеклаган. Адлия вазири Русланбек Давлетов эса ахборот алмашинуви эркинлиги тарафдори эканлигини маълум қилди. «Ҳозирги асрда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, сиз уни устига ўтириб, жиловлай олмайсиз» — деди у.

2025 йилда барча мактаблар тўлиқ миллий ўқув дастурига ўтади

Республика таълим маркази мутахассислари янги миллий ўқув дастури учун дарсликлар тайёрлаш жараёни қандай кетаётгани ҳақида сўзлаб беришди. Cambridge`нинг АКТ бўйича дарсликлари маҳаллийлаштирилди, табиий ва аниқ фанлар бўйича француз ва немис тили дарсликларини маҳаллийлаштириш режа қилинган. Миллий муаллифларнинг янги дарсликларида танқидий ва ижодий фикрлашни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда, бироқ, муаллифлар мактаби ҳали шаклланмаган.

UzAuto Motors февралгача тўртта машина бўйича ариза қабул қилишни тўхтатди

UzAuto Motors 1 февралгача Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобилларига аризалар қабул қилишни тўхтатди. Компания бу вақт ичида аввалги буюртмалар етказиб берилишини маълум қилиб, харидорлардан ноқулайликлар учун узр сўраган.

Наманганда кучли ёғингарчилик оқибатида кўчаларни сув босди

Ижтимоий тармоқларда 20 декабрь куни Наманган кўчалари, хусусан «Лола» бозори ва НамДУ олдини сув босгани акс этган видеолар тарқалди.

Шерзод Шерматов Ўзбекистонда PayPal тизими жорий этилиши юзасидан ўзгаришлар бўлишига умид билдирди

АКТ вазири Шерзод Шерматов «Тошкент ёшлар форуми — 2021» доирасида Ўзбекистонда PayPal электрон тўлов тизимининг фаолият юритмаслиги масаласида берилган саволга жавоб берар экан, бу борада ўзгаришлар бўлишига умид билдирди.

«Малика» савдо мажмуаси ҳали сотилмаган — Молия вазирлиги

Молия вазирлиги «Малика» бозори 125 млрд сўмга сотилгани ҳақида хабарларни рад этди. Тарқатилган маълумотларда сотилган ва сотилиши режалаштирилган объектлар битта жадвалда кетиб қолгани, аммо «Малика» савдо мажмуаси ҳали сотилмагани маълум қилинди.

Мактабларда янги йилни нишонлаш билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас — ХТВ

Халқ таълими вазирлиги мактабларда янги йил байрамини нишонлашни чеклаш тўғрисидаги ўзининг аввалги хабарини рад этиб чиқди. Вазирликнинг янги баёнотига мувофиқ, мактаб ўқувчиларининг ота-оналаридан пул йиғишнинг олдини олиш мақсадида ресторан ва кафеларда янги йил байрамини ўтказиш тавсия этилмайди.

Тошкентда қарийб 5 минг евролик сохта тангалар муомалага киритилгани аниқланди

Пойтахтнинг Миробод туманида 4940 евро миқдоридаги 2470 дона 2 евролик танга банк орқали алмаштирилгани, банк ходимлари эса уларни текширмасдан қабул қилиб олгани аниқланди. Қашқадарёда эса 2 бош қўй эвазига берилган пулларнинг 20 донаси сохта 100 минглик купюра эканлиги маълум бўлди.

Жиззахлик депутатлар вилоят ҳокими мурожаатномасида савол бермаслиги ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда

Жиззахлик депутатлар вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг мурожаатномасида савол бермаслиги, қолаверса, телефон билан киритилмаслиги ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда. Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу ташаббус кенгаш котибияти мудири ташаббуси эканлигини маълум қилди. Жиззах вилояти ҳокимияти муносабат билдирди.

Тошкентда автобус ёниб кетди

Учтепа туманида 125 йўналишда ҳаракатланаётган «Mercedes-Benz» автобуси ёниб кетди. ФВВ ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига 6 дақиқада етиб боргани ва олов 4 дақиқада ўчирилганини маълум қилди.

Uzbekistan Airways талабаларга 50% чегирма тақдим этади

Uzbekistan Airways компанияси талабаларга 28 декабрдан 10 январгача ички авиақатновлар учун 50% чегирма тақдим этади.

Ўзбекистондаги энг баланд Янги йил арчаси «Янги Ўзбекистон» боғига ўрнатилди

Ўзбекистоннинг энг баланд саналган бош Янги йил арчаси «Янги Ўзбекистон» боғида ўрнатилди. Ушбу боғга ташриф буюрувчилар учун 20 декабрдан 10 январгача «Дўстлик метроси — Янги Ўзбекистон боғи» йўналишида махсус бепул автобуслар ишга туширилди.