Йўловчиларнинг юқори талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда 2021 йилнинг 24 декабридан бошлаб Uzbekistan Airways авиакомпанияси Деҳлига ва ортга парвозларнинг иккинчи частотасини жорий қилади, дея хабар берди компания матбуот хизмати.

Маълум қилишича, Тошкент — Деҳли — Тошкент йўналиши бўйича парвозлар ҳафтасига 2 маротаба — сешанба жума кунлари қуйидаги жадвалга мувофиқ амалга оширилади:

  • HY 421 Тошкент — Деҳли (Тошкент вақти билан): жўнаб кетиш вақти 02:15, манзилга етиб бориш вақти 05:45;
  • HY 422 Деҳли — Тошкент (Деҳли вақти билан): жўнаш вақти 08:15, Тошкентга етиб келиш вақти 10:45;

Мазкур йўналиш бўйича бир томонга авиачипталар нархи 17 декабрь ҳолатига кўра, 2 млн 282 минг 850 сўм (багажсиз) ва 2 млн 612 минг 459 сўм (багаж билан), шунингдек, Тошкент — Деҳли — Тошкент йўналишида авиачипталар нархи 3 млн 922 минг 586 сўм (багажсиз) ва 4 млн 435 минг 311 сўмни (багаж билан бирга) ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин 12 декабрдан Humo Air авиакомпанияси Фарғона — Сўх — Фарғона йўналишида мунтазам қатновларни йўлга қўйиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Uzbekistan Airways матбуот хизмати 17 декабрдан бошлаб Самарқанд аэропортидан авиақатновлар тикланаётганини маълум қилган эди.