19 декабрь куни соат 14:20 да Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги «Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Лаззат» ошхонасида портлаш содир бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотларига кўра, овқатхонада иккита пропан тўлдирилган баллон бўлган. Портлаш 40 квадрат метр майдондаги шип ва ускуналарнинг ёнишига олиб келган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланган 10 киши касалхонага ётқизилган.

Фавқулодда ҳодиса жойига биринчи ёнғин-қутқарув гуруҳи соат 14:23 да етиб келган, ёнғин соат 14:29 да ўраб олинган ва 14:54 да ўчирилган. Кейинроқ ўт ўчирувчиларнинг иккинчи гуруҳи ҳам етиб келган.

Воқеа юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.