Ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов (8−0, 6 КО) тўққизинчи раундда техник нокаут билан Франция шарафини ҳимоя қилган рақиби Мишель Соро устидан ғалаба (видео) қозониб, WВА йўналишида жаҳон чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар бўлди. Боксчилар 17 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган профессионал бокс кечасида рингга кўтарилишди.

Жанг анчагина рақобатга бой бўлди — иккала спортчи ҳам ринг марказида бўлиш ва ташаббусни ушлаб туришга ҳаракат қилишди. Шу билан бирга, 26 ёшли ўзбек боксчисининг зарбалари оғирроқ бўлди, у тажовузкорроқ кўринди. 34 ёшли франциялик спортчи эса ҳимояда яхши ҳаракат қилди ва кўпроқ қарши ҳужумда устунликка эга бўлди, бироқ, баъзан оғир ҳужумларни ўтказиб юборди.


Фото: Olamsport.

12 раундга мўлжалланган жангнинг 9-раундида Соро ўзини рақиби зарбасига тутиб берди — Мадримов эса унга кетма-кет зарбалар бериб, канат олдида муваффақиятли ҳужум уюштира олди. Бироқ, ҳам боксчилар, ҳам ҳакам бонгни (балки томошабинларнинг шовқини сабаб) эшитмагандек туюлди. Ўзбекистонлик боксчи бонгдан кейин ҳам бир қанча зарбалар берганидан сўнг, ҳакам Сальвадор Сальва Мадримовнинг ғалабасига ишора қилиб, жангни тўхтатди.

Ҳакамлар ҳайъати жуда узоқ вақт муҳокама қилишди, якунда барибир Исроил Мадримовнинг техник нокаутини тан олишди. Бу эса Мишель Соро жамоасининг салбий муносабатига сабаб бўлди.

Соронинг мураббийи Абел Санчез аввалига жанг якуни бўйича эътироз билдирмаганди, лекин кейинроқ Мадримовнинг жамоаси ва ҳакамлар билан бахсга киришиб кетди.


Фото: Matchroom boxing.

Allboxing`нинг ёзишича, ҳакамлар қайдномаларида Мадримов 8 раунддан сўнг, 76−76, 78−74 ва 76−75 ҳисоби билан ғалаба эришган.

Спортчи жангдан сўнг, бу ҳамкамларнинг қарори эканлигини, лекин, у ҳар доим франциялик рабиқи билан реваншга тайёрлигини маълум қилган.

Расман Исроил Мадримов WBA (The World Boxing Association) йўналишида жаҳон чемпионлик камари — Джермелла Чарло (34−1−1, 18 КО) учун мажбурий даъвогарга айланди.

Бунга қадар Мишель Соро WБА рейтингида биринчи, Исроил Мадримов эса 2-ўринни эгаллаб турганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бокс федерацияси бошқа ўзбекистонлик спортчиларнинг ҳам натижасини эълон қилди.

Нокаутлар ҳисобига Иқболжон Холдоров беларуслик Дмитрий Милиушани биринчи раундда, Ҳасанбой Дўсматов рақиби мексикалик Хосе Ривасни 4-раундда, Элнур Абдураимов эса Филиппин вакили Жон Геминони 6-раундда мағлуб этди.

Якуний очколар ҳисобига Дилшодбек Рўзметов россиялик Максим Смирнов (6 раунд), Бектемир Мелиқўзиев россиялик Сергей Екимов (8 раунд) ҳамда Шаҳрам Ғиёсов аргентиналик Кристиан Кориа (10 раунд) устидан ғалаба қозонди.