Давлат статистика қўмитаси Orginfo.uz сайти асосчиси устидан ариза топширгани ҳақидаги хабарлар юзасидан баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, ягона Давлат регистри маълумотлар базасида корхона ва ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ҳар куни янгиланиб борилади.

«Давлат статистика қўмитасининг https://orginfo.uz веб-сайти ва шу каби бошқа электрон платформаларнинг ёпилиши тарфдори эмас. Қўмита мазкур ҳолатда orginfo.uz веб-сайтига Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига тўғри келмайдиган ахборотларда қўмита номининг манба сифатида келтирилишига эътироз билдирган холос», — дейилади баёнотда.

Қўмитанинг таъкидлашича, бир манбага эга бўлган икки хил маълумот фойдаланувчиларни чалғитиши, статистик маълумотларнинг ишончсизлигига олиб келади.

Давлат органи мутахассислари 7−8 ой олдин Orginfo.uz сайтига айнан нотўғри маълумотларга Давлат статистика қўмитаси номини манба сифатида кўрсатмаслиги бўйича электрон почта орқали мурожаатлар қилишган. Бироқ, қўмитанинг қайд этишича, бу мурожаатларга жавоб берилмаган. Сайтда алоқа учун телефон рақами кўрсатилмаган. Қўмитанинг мурожатларига қарамай, нотўғри маълумотларга қўмита номини манба сифатида келтириш ҳолатлари давом этган. Шуни инобатга олган ҳолда, қўмита Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига мурожаат қилган.

«Кечаги ҳолатдан кейин Orginfo.uz веб-сайтида маълумотларнинг остида: „Сайтда берилган барча маълумотлар норасмий. Расмий маълумотларни тегишли давлат ташкилотлари сайтларидан олишингиз мумкин“, деб ёзиб қўйила бошлади. Давлат статистика қўмитаси номи orginfo.uz веб-сайти маълумотларидан манба сифатида олиб ташланди. Бу учун orginfo.uz веб-сайтига алоҳида миннатдорлик билдирамиз», — дея маълум қилди қўмита.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат статистика қўмитаси компания ва товар белгилари бўйича очиқ маълумотларни жойлаштирган Orginfo.uz хизмати асосчиси, дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза бергани ҳақида хабар қилинган эди. Қўмита талабига биноан дастурчига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди.

Давлат органининг сайтидан фарқли равишда, ушбу сайт компанияларни номи бўйича қидириш, аффилланган шахслар ва бошқа маълумотларни кўриш имконини беради.