Ўзбекистонда яшовчи Афғонистон фуқаролари ўз ватанларига мажбуран қайтарилмайди. Бу ҳақда 17 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди.

«Ўзбекистон ҳудудида яшовчи Афғонистон фуқароларини мажбуран, куч билан ўз ватанига қайтариш ниятимиз йўқ», — деди у.

Махсус вакил Термизда афғон қочқинларининг оммавий истиқомат қилаётгани ҳақидаги маълумотни нотўғри деб айтди.

«Бундай қочқинлар Термизда кўп яшамайди, улар учун лагерлар ҳам яратилмаган… Фожиали кунларда, яъни 14−15 август кунлари Термизга 150 га яқин афғон қочқинлари Амударё орқали ўтган эди. Маълумки, баъзи афғонлар АҚШ ва Европа давлатлари кўмагида қочқин мақомида бошқа давлатларга ўтиб кетишган», — дея таъкидлади у.

Унга кўра, август ойида Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган 150 нафар қочқиннинг молиявий имкониятлари жуда паст, уларнинг оилалари Афғонистонда қолган.

«Мен улар билан гаплашганимда, улар: „Агар „Толибон“ ҳукумати бизнинг хавфсизлигимизни таъминласа, янги ҳукумат билан келишувга эришсангиз, бизга тазйиқ ўтказмаса, бизни ўлдирмаса, ҳибсга олмаса ватанимизга қайтишни хоҳлаймиз. Бизда Америкага ёки Европа давлатларига учиш учун молиявий имкониятлар йўқ. Биз уйда қолган болаларимздан воз кечолмаймиз. Биз ватанимизга қайтишга тайёрмиз,“ — дейишди», — деди Исматулла Иргашев.

Президентнинг махсус вакили Афғонистон ҳукумати раҳбарлари билан ватанига қайтадиган қочқинларнинг хаёти кафолатланиши бўйича шахсан гаплашганини билдирди.

«Улар кафолат бердики, „Биз уларга тегмаймиз, агар улар ўз халқига, ватанига хизмат қилишга тайёр бўлса, биз уларни афв қиламиз“. Улар қочқинларга умумий амнистия эълон қилишди, шундан келиб чиқиб қайтишлари мумкин. Улар орасида ҳарбийлар ҳам кўп эди. Аввалига уларда ишонч йўқ эди, биз уларни кичик гуруҳларга бўлиб юбордик. Мен буни шахсан ўзим назоратим остига олдим. Афғонистонга қайтганларнинг ҳеч бири ўлдирилмаган ёки қамоққа олинмаган», — деди у.

Шунингдек, Исматулла Иргашев БМТ, ЮНИСEФ, Европа ҳамжамияти билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида истиқомат қилаётган Афғонистон фуқаролари билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини айтди.

«Халқаро институтлар уларнинг баъзиларига қочқин мақомида учинчи давлатларга кўчиб ўтишда ёрдам беради. Бу ерда яшаш ва ишлаш имкониятига эга бўлганларнинг бир қисми қолади. Виза масаласи ҳал қилинади. Шу билан бирга, виза муддати ўтган шахслар мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилмайди», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни «Газета.uz» Ўзбекистон ҳукумати Сурхондарёда чодирлар шаҳарчасини ташкил этгани, у ерда Афғонистондан келган 100 дан ортиқ қочқинлар жойлаштирилгани ҳақида ёзган эди.

20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг 150 нафар фуқароси ўзи хоҳиши билан ватанига қайтарилганини маълум қилди. Ўзбекистон «Толибон» раҳбарияти вакиллари билан «ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш» бўйича келишиб олгани қайд этилди.

Яқинда БМТ афғон хавфсизлик кучлари собиқ аъзоларининг қатл этилиши, журналистларнинг таъқиб қилиниши, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан хавотирда эканини билдирди. Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисидаги фармонга қарамай, уларнинг аксарияти ишлаш ҳуқуқи ёки имкониятига эга эмас, аёл педагоглар етишмаслиги сабабли қизлар ўқий олмаяпти, дея қайт этди БМТ.