Агар бугунги ўқувчи сиздан келажакда ўқитувчиларнинг даромадини қандай ошириш мумкинлиги ҳақида сўраса, жавоби оддий — бунинг учун иқтисодиёт ўсиши керак. Келажакда иқтисодиёт ўсиши учун нима қилиш керак, деган саволга ҳам жавоб тайёр — бу бугунги инвестиция даражасига боғлиқ.

Биз каби ривожланаётган давлат учун аҳоли даромадларининг ўсиши деярли тамоман иқтисодий ўсишга боғлиқ, ўз навбатида иқтисодий ўсиш — бу шунчаки хусусий инвестицияларнинг ортда қолган кўрсаткичидир. Хўш, бизда инвестициялар билан ишлаш қандай йўлга қўйилган? Таассуфки, жавоб ҳафсалангизни пир қилади.

Бозор инвесторлар учун очилганига қарамай, ташқи ва ички инвестициялар даражаси ҳали ҳам жуда паст. Масалан, аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми хусусида гап кетса, 2019 йилда — тарихимизда тўғридан-тўғри инвестициялар учун энг яхши ҳисобланган йилда — биз нафақат Озарбайжон, Қозоғистон ёки Мўғулистон, балки ҳарбий ҳаракатлар хавфи юқори бўлган Грузия ёки Украина каби давлатлардан ҳам ортда қолдик.

Ички жамғармалар ҳақида ҳам худди шундай мулоҳазани келтириш мумкин — жамғармага эга бўлган мамлакат фуқаролари ҳам, маълум бўлишича, уларни мамлакатда ўз инвестицияларига айлантиришга шошилмайдилар.

Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг яқинда эълон қилинган ҳисоботига кўра, марказлаштирилган инвестициялар, масалан, давлат қарзи ёки давлат корхоналарининг кафолатланган қарзлари учун захиралар тугаш арафасида. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, тўғридан-тўғри хусусий инвестициялар ёки бошқа инвестиция ресурслари ҳажми сезиларли даражада ошмаса, иқтисодий ўсишнинг ҳозирги унчалик юқори бўлмаган суръатларини таъминлаш ҳам имконсиз бўлиб қолади. Яъни, мўжиза рўй бериб, бирдан мамлакатга чет эл инвестициялари ёғилмаса, иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишини кутиш мумкин.

Бундан келиб чиқадики, келгусида аҳоли даромадлари ошади, дейиш учун бизда асос йўқ. Бундан ташқари, даромадларнинг ўсиш суръати тушиши хавфи мавжуд. Бу, албатта, ёмон хабар.

Юқоридаги «Келажакда даромадлар ошадими?» деган долзарб саволга жавобан, ўсиш суръати пасаяди, дейиш мумкин. Маълум бўлишича, даромадлар ошиши ва ривожланиш учун шунчаки иқтисодий ресурслар зарур, бизда эса уларни жалб қилиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

«Нега бизга инвестициялар кириб келмаяпти?» деган табиий савол туғилади. Қачонки бирор жойда талаб юқори бўлса, у нархлар кўтарилиши ва шунга мос равишда ушбу бозорда таклифнинг ошишига ҳам сабаб бўлади. Мисол учун, агар маълум бир бозорда мандаринга талаб катта бўлса, бу уларнинг нархини оширади, мандарин етказиб берувчилар ушбу бозорга мандарин олиб киришни бошлайдилар ва шу билан таклифни оширадилар.

Бу қисман бизда ҳам амал қилади: пул ресурсларига бўлган талабнинг юқорилиги Ўзбекистонда пулнинг нархини ҳақиқатда оширади, лекин негадир пулнинг юқори баҳоси бозорда пул таклифини ошириш учун етарли сабаб деб ҳисобланмайди.

Бу саволнинг жавоби ҳам жуда оддий — хатарлар даражаси таклифни оширишга имкон бермайди. Шунинг учун пул нархининг ошиши пул етказиб берувчилар — инвесторлар учун етарли шарт-шароит ҳисобланмайди.

Мандарин тўғрисидаги ҳикояни давом эттирадиган бўлсак, дейлик, мандаринларни ўша бозорда сотган сотувчиларнинг даромадларини йўл-йўлакай кўча безорилари ўғирлаши эҳтимоли бор. Бундай вазиятда, йўлда талон-тарож қилиш эҳтимоли етарлича юқори бўлса, бозорда мандаринларнинг жуда юқори нархи ҳам ушбу мандаринларни етказиб берувчилар учун етарли рағбат бўлмаслиги мумкин, чунки кутилаётган фойда кутилаётган йўқотишдан камроқ бўлади.

Охир-оқибат, бундай бозорда кам миқдордаги мандаринлар жуда қиммат нархда сотилади — етказиб берувчилар дуч келган хатарларни қоплаш учун. Назаримда, бу ҳолат мамлакатдаги пул бозорининг ҳозирги ҳолатини яхши тавсифлайди.

Энди Ўзбекистонда бизнес юритишнинг хавф-хатарлари нима учун юқори, деган саволга тўхталамиз. Жорий йилнинг октябр ойида World Justice Project (WJP) 2021 йил учун «Қонун устуворлиги» индексини эълон қилди, умумий рўйхатда Ўзбекистон 139 давлат ва юрисдикция орасида 85-ўринни банд этди.

Қонун устуворлигини баҳолашнинг энг муҳим мезонлари бўйича биз рейтингнинг сўнгги ўринларида қолмоқдамиз. Масалан, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, айнан давлат томонидан хусусий мулкни ўзлаштириш ва адолатли компенсация қилиш бўйича биз 139 давлат ва ҳудуд орасида 138-ўриндамиз. Охиридан битта олдинги ўринни 2016 йилдан буён эгаллаб турибмиз, 2015 йилда охирги ўринда эдик.

Биз учун бу рейтингдаги энг яхши йил 2017−2018 йиллар бўлди, ўшанда биз Зимбабве, Камбоджа ва Венесуэлани ортда қолдирган эдик. Аммо 2021 йилга келиб, Зимбабве ва Камбоджа биздан олдинга ўтиб олди ва хусусий мулкнинг давлат мусодарасидан ҳимояси бизникидан ёмонроқ бўлган рейтингдаги ягона давлат Венесуэла бўлиб қолмоқда.

Хусусий мулк давлат томонидан олиб қўйилиш хавфидан ҳимояланганлиги даражасининг бундай баҳоланиши нафақат ўтмишга назар ташлаганимизда, балки келажак учун прогноз қилаётганимизда ҳам бизни огоҳликка чақириши лозим. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш муаммоларининг ушбу кўрсаткичлари, эҳтимол, узоқ муддатли даврда даромадларимиз нима учун ўсмаётганлигининг энг яхши изоҳидир.

Бу кўрсаткичлар иқтисодий ўсиш ва мамлакатдаги қашшоқлик муаммоси билан чамбарчас боғлиқ. Бошқача айтганда, хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ҳозирги даражасида иқтисодий ўсиш суръатларининг ошишини кутиш хомхаёлдан бошқа нарса эмас.

Албатта, барча рейтинглар етарлича субъектив ва, эҳтимол, ушбу рейтингда ўз позициямизни яхшилашимизга ёрдам бериши мумкин бўлган баъзи косметик усуллар мавжуд. Шундай экан, ўз муаммоларимизда рейтингни айблаш адолатдан эмас. Хорижий инвесторлар балки бу рейтингларни кўриб чиқарлар, балки йўқ. Бироқ ҳатто ҳеч қандай рейтингларсиз ҳам маҳаллий ва хорижий инвесторлар хусусий мулкни давлатдан ҳимоя қилиш муаммоси борлигини жуда яхши англайди.

Нега улар яхши англайди, деяпман? Бу уларнинг хатти-ҳаракатларида намоён бўлмоқда. Чунки аҳоли ва хорижий инвесторлар мамлакатга мутлақо инвестиция киритмаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу, эҳтимол, одамлар хусусий мулкни ҳимоя қилиш муаммосини қанчалик яхши англаётганининг энг яхши кўрсаткичидир. Ўзбекистонликлар жамғариш воситаси сифатида квартира ёки машина каби ликвид бўлмаган объектлардан фойдаланишга мажбур. Шунинг учун бу масала рейтинг ёки Ўзбекистоннинг ундаги нисбий ўрнига боғлиқ эмас.

Давлат шахснинг хусусий мулкини осонгина тортиб олиши мумкинлиги кўпчилик ўзбекистонликлар учун сир эмас. Бунинг учун янгиликларни очиш ва давлатнинг хусусий мулкни тортиб олаётгани ва тортиб олганлиги, уй-жой ва тижорат биноларини бузиб ташлаётгани тўғрисидаги қанчадан-қанча мисолларни ўқиш кифоя.

Биргина жорий йилнинг ўзида оммавий ахборот воситаларида шу мазмундаги ўнлаб хабарлар тарқалди. Бугун ҳам навбатдаги обектларнинг бузилиши атрофидаги воқеалар қизғин муҳокама қилинмоқда. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларида ёритилмаган бу каби ҳолатларнинг сони тўғрисида умуман маълумотга эга эмасмиз.

Охир-оқибат, бу инвесторларнинг — у хоҳ ташқи, хоҳ маҳаллий бўлсин — хусусий мулкни давлатдан ҳимоя қилиш муаммоси билан боғлиқ вазиятдан ҳеч қандай рейтингларсиз ҳам очиқ-ойдин хабардор бўлишига олиб келади.

Айнан шу муаммо — хусусий мулкнинг ҳимояланмаганлиги келажакда ҳам иқтисодий ўсиш суръатлари ва шунга мос равишда аҳоли даромадлари ҳам юқори бўлмаслигининг сабабларидан биридир.

Иқтисодий тараққиёт вазирилигининг ҳисоботида айтилишича, иқтисодий ўсиш ва камбағалликни камайтириш учун асосий қадам — хусусий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун институционал асос яратишдан иборат. Албатта, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ана шундай энг асосий институтлардан биридир. Ана энди ўқувчининг ўқитувчиларнинг маошини қандай ошириш мумкинлиги ҳақидаги саволига етарлича тўғри ва қисқача жавоб беришингиз мумкин: хусусий мулкни ҳимоя қилиш орқали.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.