Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев у бошқараётган қўмита ялпи мажлисда кўтарилган Ғафур Ғулом боғи масаласи юзасидан ўрганиш олиб борилишини маълум қилди. Бу ҳақда 17 декабрь куни АОКА мажлислар залида Олий Мажлис Сенатининг 22-ялпи мажлиси якунлари юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ушбу ҳолат бўйича саволга Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров жавоб берди.

«Шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитарканмиз, биз ҳам унга биринчи ўринда Ғафур Ғулом боғи ҳақида савол бердик. Мақсад — у ерда одамлар учун дам олиш имкониятларини сақлаб қолиш. Ҳали у ерда шартномалар бўлмаган, лекин шартнома бўлган тақдирда ҳам, биринчи масала паркда одамлар учун дам олиш имкониятларини сақлаб қолиш бўлади», — деди сенатор.

Шунингдек, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев жавобга қўшимча қилиб, у бошқараётган қўмитага ялпи мажлисда кўтарилган мазкур масала юзасидан ўрганиш олиб борилишини билдирди.

«Буни тез орада қўмитамиз билан чиқиб ўрганамиз. Нега шунча вақтдан бери инвестор боғ реконструкцияси бўйича фаолиятини бошлагани йўқ? Қарорда бу масала ҳам аксини топяпти. Биз бу масалани ўрганиб, албатта шаҳар сессиясида муҳокама қиламиз. Бундан кейин шаҳар ҳокимлигининг объектларни инвесторларга берилиши бўйича ўйлаб иш қилишини назоратимизга оламиз», — дея таъкидлади сенатор.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги фармойиши ва Тошкент ҳокимининг 2019 йил 15 августдаги қарори (иккала ҳужжат ҳам очиқ маълумотлар базаларида мавжуд эмас) асосида Ғафур Ғулом боғи BMP Smart Decision компаниясига ижарага берилганди. Компания инвестиция мажбуриятлари қаторида модернизация қилиш ва «жаҳон стандартларига жавоб берадиган» замонавий боғ барпо этиши лозим эди. 16 декабрь куни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ғафур Ғулом боғини 49 йилга ижарага олган Сингапурнинг BMP Smart Decision компанияси инвесторлик мажбуриятларини бажармаганини айтди.

Очиқ маълумотларга кўра, BMP Smart Decision компанияси 2019 йил 13 февраль куни устав фонди 1000 сингапур доллари (729 доллар атрофида) билан рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури — бошқа қурилиш объектларини, (ўйин мажмуалари), иккинчи даражали фаолияти эса — мавзули боғларни бунёд этишдан иборат. Сингапур компанияси асосчиси Яккасарой туманида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик Шерзод Халимов бўлиб чиқди.