Хитойнинг «Цанчжоу Майти Лайонс» клуби ярим ҳимоячиси ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида энг кўп сардорлик қилган Одил Аҳмедов футболдаги карьерасини якунлади, деб хабар берди ЎФА матбуот хизмати.

18 декабрь куни Одил Аҳмедов ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирда «Орзунинг шонли йўли» номли китоб тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбирда ЎФА президенти Абдусалом Азизов унинг Ўзбекистон футболига қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб, Аҳмедовнинг фаолияти ёшлар учун наъмуна эканини таъкидлади.

Фото: ЎФА матбуот хизмати.

Тадбирда Одил Аҳмедов сўзга чиқиб, мухлислар олдида «бутсини михга илишини» айтди.

«Яқинда Ўзбекистон терма жамоасидаги фаолиятимни якунлаганимни маълум қилган эдим. Бугун ўзим учун яна бир қийин қарорни қабул қилдим. Бугун сизларнинг кўз олдиларингизда бутсиларимни михга илиб, футболчилик фаолиятимни тугатганимни эълон қиламан. Бу жуда ҳам оғир қарор. Мен учун футбол ўйнаш — майдонда борини бериш дегани. Бу қароримни тўғри деб қабул қиламан. Мен билан ишлаган барчага раҳмат», — деди у.

Одил Аҳмедов ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги «Орзунинг шонли йўли» номли китоб 151 бетдан иборат бўлиб, ҳозирча 2000 тиражда чоп этилган. Китоб Баҳтиёр Абдуғафур муаллифлигида ёзилган.

Маълумот ўрнида, Одил Аҳмедов 1987 йилнинг 25 ноябрь куни Наманган шаҳрида туғилган. 2000 йилларнинг бошида У «Навбаҳор» ва Тошкентнинг «Локомотив» футбол клублари академиясида таҳсил олган. Кейинроқ У Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ўринбосарлар таркибида ўйнашни бошлаган.

Аҳмедовнинг миллий жамоадаги дебюти 2007 йилда бўлганди. Ўшандан бери 108 та ўйин ўтказган ва 21 та гол уришга муваффақ бўлган. Унинг ҳисобида 1 та қизил ва 8 та сариқ карточка ҳам мавжуд.

Шу вақтгача 4 та Жаҳон чемпионати саралашида қатнашган. 3 бор Осиё кубогида иштирок этган ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланган.

Фото: ЎФА.

2018 йилда Одил «Шанхай СИПГ» билан бирга Хитой Суперлигаси чемпионига айланганди.

2020 йил ёзида Аҳмедов Хитойнинг бошқа бир клубида қисқа муддат тўп сурганди, Ундан сўнг, жорий йилнинг бошида «Цанчжоу Майти Лайонс» билан шартнома тузиб, жароҳатлар туфайли клуб сафида майдонга тушмаганди.

Қишда Одил Аҳмедов «Futbol» TV телеканалидаги «Offside» кўрсатувида меҳмон бўлган ва ана шу вақтда 2022 йилда бўлиши кутилаётган янгилик ҳақида гапирганди.

«Ҳозир жуда кўп нарсалар ҳақида ўйлайяпман. 2022 йилда янгилик бўлиб қолиши мумкин. Балки кейинги йили футбол ўйнамасман. Шундай режаларим ҳам йўқ эмас», — деганди у.

Фото: ЎФА.

У шунингдек, фаолиятини якунлаш бўйича ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши лозимлигини айтганди.

«Мисол учун, ҳозир Ўзбекистон чемпионатидаги ҳар қандай клубда ўйнашга кучим ва иқтидорим етади. Бироқ ўйлаб қарасак, кимга қарши, қайси футболчилар билан ўйнайман, деган савол турипди. Шу томони кўпроқ муҳим. Мен хорижда 10 йил давомида профессионал футболчилар, мураббийлар ва ишчилар билан ишладим. Уларни солиштирганда фарқ катта», — деган эди терма жамоанинг собиқ сардори.

Одил Аҳмедовнинг 2021 йил 15 июнь. куни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони учрашуви олдидан кийиниш хонасида айтган сўзлари ҳам эълон қилинди.

Видео