Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Тараққиёт сиёсати операциялари (ТСО) доирасида Ўзбекистонга 400 млн доллар кредитни тақдим этишни маъқуллади. Бу ҳақда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz»га хабар берди.

Унинг мақсади давлат томонидан мамлакатнинг инклюзив ва рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнига ёрдам берадиган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кўмаклашиш экани айтилди.

Ушбу операциялар доирасида Ўзбекистонга 30 йилдан ортиқ муддатга паст фоизли 250 млн долларлик имтиёзли кредит, шунингдек, қайтариш муддати 12 йилдан ортиқ бўлган 150 млн доллар миқдоридаги кредит бозор фоиз ставкасида тақдим этилади.

Шунингдек, Ўзбекистонга кўрсатилаётган молиявий ва техник ёрдам ҳукуматга қатор муҳим ислоҳотларни амалга ошириш имконини беради.

Уларга қуйидагилар киради:

  • буғдой бозорини янада либераллаштириш,
  • давлат корхоналари бошқарувини такомиллаштириш,
  • давлат харажатлари ва қарзлари устидан ҳисобдорлик ва назоратни кучайтириш,
  • меҳнат бозорида гендер асосида камситишга қарши курашиш,
  • кам таъминланган шахсларнинг нафақа билан таъминланганлигини ошириш,
  • аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий имкониятларни кенгайтириш.

«Ўзбекистон очиқ ва инклюзив бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ислоҳотларга содиқ эканлигини намойиш этишда давом этмоқда», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Ҳукуматнинг 2026 йилгача аҳоли ўртасида камбағаллик даражасини икки бараварга камайтириш ва 2030 йилга бориб Ўзбекистоннинг ўртача даромади юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиши борасидаги мақсадларига эришиш учун миллий иқтисодиёт тезроқ ўсиши керак. Бунинг учун хусусий секторда кўпроқ иш ўринлари яратилиши, фуқаролар, айниқса, аёллар, ёшлар ва ногиронлоги бўлган шахслар учун иқтисодий имкониятларни кенгайтириш керак бўлади.

Ушбу операциялар доирасида банк томонидан қўллаб-қувватланаётган ислоҳотлар юқоридаги мақсадларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади ва одамлар ҳаётини яхшилашга ёрдам беради, дея қўшимча қилди банк вакили.

Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги дастурини ишлаб чиқиш доирасида ҳукумат, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда. Унда 2022−2026 йилларда ушбу ташкилот томонидан Ўзбекистонга кўрсатиладиган молиявий ва техник ёрдамнинг асосий йўналишлари белгилаб берилади.

Янги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш 2022 йил ўрталарида якунланиши кутилмоқда. Бу дастур ҳукумат келгуси беш йил давомида амалга оширишни режалаштираётган ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги миллий стратегияси билан чамбарчас боғлиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, бундан один Жаҳон банки Ўзбекистонга электроэнергетика соҳасини ривожлантириш учун 380 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиши ҳақида хабар берилганди.