АҚШда таниқли олима, жамоат арбоби, Шароф Рашидовнинг қизи Светлана Рашидова 70 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Tashkent Retrospective Facebook-саҳифада хабар қилинди.

Светлана Рашидова 1952 йил 1 мартда Тошкентда Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов хонадонида туғилган. Тошкент Давлат университетининг роман-герман факультетини тамомлаган. Москва давлат университетида чет эл адабиёти фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Тошкент давлат университетининг роман-герман факультетида доцент лавозимида ишлаган.

Унинг турмуш ўртоғи Алишер Воҳидов 1994 йилда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган, 1997−2008 йилларда эса Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси, доимий вакили бўлган.

Светлана Шарафовна Нью-Йоркда БМТ ҳузуридаги дипломатлар оилалари аъзолари билан ишлаш бўйича Нospitality Committee for UN Delegations вице-президенти сифатида жамоатчилик ишларида фаол бўлган. Умрининг сўнгги йилларида бетоб бўлиб, 14 декабрь куни ҳаётдан кўз юмди.