Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкентнинг Яккасарой туманида 81 туп дарахт кесилиши бўйича тўланган 1,89 млрд сўм миқдоридаги жарима пуллари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳисобига ўтказиб берилмаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида 1 млрд 891 млн сўмдан зиёдроқ миқдорида ҳисобланган зарар Тошкент прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамига ундирилган.

Тергов ҳаракатлари 2020 йил 10 июль куни тўхтатилган бўлиб, бунга ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми 1-банди асос қилиб олинган. 2021 йил 5 декабрь куни дастлабки тергов қайта тикланган ва айни дамда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Жиноят иши бўйича якуний қарор қабул қилинганидан кейин шаҳар прокуратураси депозит ҳисоб рақамида сақланаётган маблағ тақдири ҳал қилинади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев сўровига жавобан Экология давлат қўмитаси Тошкент прокуратурасидан ҳалигача 1 млрд 890 млн сўм тушмагани, улар ҳалигача департамент депозит ҳисоб рақамида эканлигини маълум қилган эди. Бу маълумотни «Газета.uz»га қўмита тасдиқлади.

Эълон қилинганидан бироз вақт ўтиб Расул Кушербаев ўз постини ўчириб ташлади. «Газета.uz» депутат билан боғланди, бироқ у изоҳ беришдан бош тортди ва эҳтимолий босим ҳақидаги саволга жавоб бермади.