Ўзбекистон Марказий банки 22 декабрда муомалага чиқарилиши кутилаётган янги дизайндаги 50 минг сўмлик банкнотада хато борлигини тан олди.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари 50 минг сўмлик банкнота намунасининг олд томонида «Ал-Ҳаким ат-Термизий» мақбараси тасвири туширилгани, бироқ, банкнотада мақбара номи «Абу Исо ат-Термизий» деб ёзилганига эътибор қаратишди.

«Мутахассислар билан қайта ўрганиш натижасида ҳақиқатдан ҳам намунадаги тасвир ва унинг номланишида техник хатолик мавжудлиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки янги дизайндаги 50 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин унинг намунасида аниқланган техник хатолик бартараф этилишини ҳамда мақбаранинг номи тўғри қайд этилишини маълум қилди.

Марказий банк матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ушбу янги кўринишдаги пуллар эмиссия қилинмаган. Ҳозирда банкнота намуналаридаги хатоликлар бартараф этилмоқда.

МБ шунингдек, банкнотлар дизайнларига бефарқ бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, янги кўринишдаги 50 минг сўм ва 100 минг сўм бўлган банкнотлар 22 декабридан муомалага чиқарилиши маълум қилинганди. Ушбу янги банкноталар 2017 йил намунасидаги 50 минг сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 минг сўмлик банкнотлар билан параллел равишда муомалада бўлиши ҳам айтиб ўтилганди.