Урганч шаҳри марказида замонавий ерости автомобил йўли қуриб битказилди, деб хабар бермоқда Хоразм вилояти ҳокимлиги.

Шаҳардаги энг тирбанд Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари ҳудудида қурилган туннелнинг узунлиги 500 метр, кенглиги 17 метрни ташкил этади.

Лойиҳа бўйича соатига 3200 та автомобилни ўтказиш қувватига эга.


Вилоят ҳокими Фарход Эрманов бундай ерости автомобиль йўли вилоятлар ичида илк бор Хоразмда бунёд этилгани маълум қилган.

Мазкур йўл ўтказгични барпо қилишда «Кўприкқурилиш трести» УК бош пудратчи ташкилот бўлган.

Йўл корохонанинг «14-Кўприкқурилиш» отрядига қарашли 140 та махсус техника ҳамда 1 800 нафардан зиёд инженер ва қурувчилар томонидан бунёд этилган.


Ер ости йўли қурилиши билан бирга Қирғизёп каналининг шу ҳудуддан оқиб ўтувчи қисми янгидан бетонлаштирилган. Шунингдек, замонавий панжаралар ўрнатилиб, ободонлаштирилган.

Таъкидланишича, ал-Хоразмий (суткасига 18 минг автомобиль) ва Ислом Каримов (суткасига 14 минг автомобиль) кўчалари шаҳардаги энг тирбанд йўллардан бири ҳисобланади. Ер ости йўли қурилиши натижасида ушбу чорраҳадаги тирбандлик бартараф этилди, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниб, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланди, дейилади хабарда.


Жорий йил бошида «Газета.uz» Урганч шаҳрининг марказий майдони янгидан қурилиши режалаштирилаётгани, майдон марказида 25 метрлик катталикдаги Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ўрнатилиши ҳақида ёзгандик. Ўшанда майдон остидан эса автомобиль туннели ўтказилиши кўзда тутилганди.