Бухоро вилояти Когон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро шаҳар бош бекати ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган дўконни ҳокимиятга беғараз равишда совға қилди. Бу ҳақда Когон ҳокими Ҳаёт Давлатовнинг 15 декабрдаги қарорида қайд этилган.

Таъкидланганидек, фуқаро Х.Рашидов 6 декабрь куни шахсий мулки бўлган дўконни ҳокимиятга беғараз топшириш тўғрисида ариза ёзган. Объект майдони 60 кв. метрни ташкил этади.

Шаҳар маъмурияти матбуот хизмати раҳбари Муҳаммадали Нарзиллоевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирги кунда дўкон бўш ва ҳали ҳеч кимга берилгани йўқ.

«Келгусида ушбу бино ижара шартномаси асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага яшаш шароитини яхшилаш мақсадида топширилади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, фуқаронинг ўз мол-мулкини хокимиятга беғараз топшириши каби ҳолат биринчи маротаба юз бермоқда.

30 ноябрь куни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам фуқаро Латипова Зиёда Бахромовнадан беғараш тарзда Mercedes Benz S500 Hybrid русумли енгил автотранспорт воситасини қабул қилиб олганди. Антикоррупция агентлиги директори Акмал Бурхонов бу тақиқланмаганини айтиб, буни қонунчиликдаги бўшлиқ эканлигини тан олди. Агентлик мансабдорларнинг совға олишини тартибга солиш режада борлигини маълум қилди.